2017 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида 14 нафар техник ходимга Японияда малака ошириш учун рухсатномаларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов,  Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг масъул вакиллари, мамлакатимизнинг нуфузли идоралари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этди.

Японияда техник малака ошириш имкониятини қўлга киритган юртдошларимиз кунчиқар мамлакатнинг иқтисодиётига ҳисса қўшиши билан бир қаторда, она юртимизга янги технологияларга оид билим ва кўникмалар, сармоялар билан қайтишга муваффақ бўлишади. 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Япония давлати элчихонаси ўртасидаги ҳамкорлик ришталари кўпгина лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ўзбек фуқароларини Японияда меҳнат фаолиятини юритиши соҳасида ҳамкорлик қилиш учун фаол иш олиб борилди. Натижада, дастлабки қадам сифатида 2016 йилнинг 14 майида агентлик ва “Уно” корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида қайднома имзоланди.

Музокаралар натижасида Япониянинг  GRANATJapanCo. Ltd, MarukoFoodCo. Ltd, IIDASangyoCo. Ltd, SAIKONTAN Farm, EastSunCo. Ltd ва  TakeruCo. Ltd каби таниқли компанияларида ишлаш учун ўзбекистонлик стажёрлар танлаб олинди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири бошчилигидаги делегация 2016 йил 6-15 май кунлари Япониянинг Меҳнат вазирлиги, ваколатли органлари  Савдо-саноат палатаси, Иммиграция хизмати, ЖИТКО, ЖЕТРО ва ЖИКА компаниялари билан ўзбек ишчиларига квоталар ажратиш борасида музокаралар олиб борди.