Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида Фан ва техноло­гия­лар бўйича давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифалари юкланмоқда. 

Шунингдек, мазкур комиссиянинг ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технология­ларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик зиммасига иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажаришда илмий-техник хизматлар кўрсатишга йўналтирилган давлат топшириқларини шакллантириш каби вазифалар юкланади. 

Мазкур тадбирлар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш тизимини янги босқичга кўтаришга, мавжуд интеллектуал салоҳиятни жипслаштиришга, изланишлардаги майда, самарасиз мавзуларга ва такрорланишларга барҳам беришга хизмат қилади. 

Қарор билан ўз ечимини топаётган яна бир муҳим масала Фан ва техноло­гия­лар бўйича давлат комиссияси қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш билан боғлиқ бўлиб, жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши назарда тутилган: 

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораторияларни ташкил этиш; 

олимларимиз томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) харажат­ларини қоплаш; 

замонавий лабораторияларнинг илмий асбоб ва ускуналарини зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш; 

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг жаҳоннинг етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаш; 

ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш. 

Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар давлатимиз томонидан иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда илм-фаннинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади. 

Ушбу қарор академик фан нуфузини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очади.