“Умра” сўзи луғатда “зиёрат” маъносини билдиради. Шариатда эса Байтуллоҳни зиёрат қилиш ва унда бажариладиган махсус амалларга Умра дейилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “وأتموا الحج والعمرة لله” яъни “Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг”, - дейди.

Ушбу ояти каримага биноан мўмин-мусулмонлар Ҳаж ва Умра ибодатини адо этадилар.

Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан Каъбани қуришади. Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни Байтуллоҳни ҳаж қилишга чақиришни буюради. У Зот чақирадилар, чақириққа “Лаббай” деб жавоб берганлар, ҳажга келадилар. Каъбани тавоф этиш ўшандан бери давом этиб келмоқда.

Улу-л-ъазм пайғамбарлардан (алайҳимуссалом) кейин бу ибодатга кўплаб бидъат-хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврларига келиб, Каъбанинг ичида 360 та бут-санамлар бўлган. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилгач, Каъбани бут-санамлардан тозаладилар. Маълумки, Умра ибодати айнан шу муқаддас жойларда адо этилади. Умра суннат амаллардан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда шундай деганлар:

الحج مكتوب والعمرة تطوع” яъни “Ҳаж фарз қилинган, Умра эса нафлдир”. Умра ибодати учун улкан савоблар, даражалар ваъда қилинган. Ҳадиси шарифда: “العمرة إلى العمرة كفارة لما بينهما” яъни “Умра-умрагача бўлган хатоларга каффоратдир”. Барча мўмин-мусулмонлар улкан савоблардан ва гуноҳлардан покланишдан умидвор бўлган ҳолларида бу ибодатни адо этишга интиладилар. Яқин кунларда бизнинг юртимиздан ҳам мўмин-мусулмонлар Умра сафарига йўл оладилар. Шу муносабат билан Умра ибодати нималардан иборат эканлигига эътибор қаратсак.

Улар қуйидагилардан иборат:

1. Эҳромга ният билан кириш

2. Каъбани тавоф қилиш

3. Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш

4. Сочни олдириш ёки қисқартириш

Мусулмон киши учун Умра энг яхши маконда, энг яхши ҳолда адо этиладиган энг шарафли ибодатлардандир. Унда иғво, гуноҳ ишлар ва тортишувлар йўқдир. Балки унда таҳлил, такбир, дуо, илтижо ва Аллоҳга итоат ҳамда қийинчиликларга бўйсуниш бор.

Албатта, Умра ибодатини адо этиш асносида бир қанча табаррук жойларни ҳам зиёрат қиладилар. Аввало Мадинаи Мунавварада Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида намоз ўқиш бахтига муяссар бўладилар. Бу масжидда намоз ўқишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар:

صلاة في مسجدي هذا خير من ألف صلاة فيما سواه إلا المسجد الحرام” яъни “Менинг масжидимдаги бир намоз бошқасидаги мингтасидан яхшидир, фақат Масжиду-л-Ҳаром бундан мустасно”. Чунки Масжиду-л-Ҳаромдаги бир намоз бошқа жойлардаги юз минг намозга тенгдир. Шу билан бирга ҳаж ва умра қилувчиларимиз Равзада намоз ўқиш имконига ҳам эга бўладилар. Равза ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни жаннат боғларидан бир боғдир деганлар. У ердаги ибодат ва дуолар шубҳасиз қабулдир. Ҳар бир зиёратчи ушбу ибодатларни ихлос ва муҳаббат билан адо этишлари муҳимдир. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда буюк саҳобалар Абу Бакр разияллоҳу анҳу ва Умар разияллоҳу анҳуларнинг қабрларини зиёрат қилишиб, уларга ўз саломларини айтадилар. Бошқа табаррук масжидларни ҳам зиёрат қиладилар.

Барча умра қилувчилар қатори бизнинг диёримиздан ҳам бораётган юртдошларимизни Аллоҳ паноҳида асрасин. Ҳар бир зиёратчи аввало шундай ибодатлар унга насиб қилганлиги учун Аллоҳга шукроналар айтиб, бу ибодатни эмин-эркин адо этиши учун хизмат қилган барча азизларнинг ҳақига дуо қилишлари ҳам ўта муҳимдир. У ердаги ҳар бир кунни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат билан машғул бўлишларини Аллоҳ насиб айлаб, оилалари ва юртимизнинг ҳақига қиладиган дуоларини Аллоҳ ижобат қилсин. Омин!

“УСМОН БИН МАЗЪУН” жоме масжиди имом хатиби

Ўткир Ҳакимов

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан бўлган қарийб 5,35 минг зиёратчи баҳорги мавсумда Саудия Арабистонига «Умра» (кичик ҳаж) зиёрати учун йўл олишади. Бу ҳақда аввал хабар берилган эди.

Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, бу мавсум давомида зиёратчиларга Саудия Арабистонида 8 нафар ишчи гуруҳ, 8 нафар ошпаз ва 27 нафар шифокорлар гуруҳи хизмат кўрсатади.

Ўн кунлик умра сафари давомида ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун бўлиб, «Нур Мавадда» меҳмонхонасида истиқомат қилиши режалаштирилган. Макка шаҳрида эса Ҳарам масжидидан 500-600 метр масофада жойлашган «Аброж Кисва» меҳмонхонаси зиёратчиларни кутиб олишга шай ҳолатга келтирилган бўлиб, умрачилар у ерда 7 кун давомида бўладилар.