Бугун, 17 февраль куни Яккасарой туман суд ижрочилари томонидан навбатдаги Юнус Ражабий маҳалла фуқаролари йиғинида алимент даврий тўловларини ўз вақтида тўламай юрган шахсларга ҳуқуқий тушунчалар бериш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Унда Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Садриддин Хидиров, Суд ижрочиларининг Яккасарой туман бўлим бошлиғи Мадорбек Машрапов, туман прокуратура терговчиси Мунаввархўжа Раҳматхўжаев, туман ИИБ профилактика инспектори Тўлаганов ва Юнус Ражабий маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Зоҳидов ҳамда маҳалла вакиллари иштирок этишди. 

Тадбирнинг мақсади - алимент тўловларига оид ҳужжатлар ижросини ўз вақтида тўлиқ ҳамда сифатли бажарилиши бўйича ҳамкорликни янада ошириш. 

Мазкур тадбир "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" доирасида ўтар экан, унда халқ вакиллари ўзларини қизиқтирган масалалар ва муаммолар юзасидан Яккасарой туман суд ижрочилари ҳамда прокуратура вакилларига бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. 

Йиғилишда алимент тўловчи шахслар ҳамда ундирувчи томонлар қатнашиб, муайян вазият юзасидан ўз ечимини кутаётган муаммолари билан бўлишишди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, аксарият муаммолар фуқароларимизнинг ўз вақтида давлат органларига мурожаат қилмаганликлари, ҳақ-ҳуқуқларини етарлича билмаганликларидан келиб чиққан. Жумладан, фуқаролардан бири турмуш ўртоғининг ўз вақтида давлат органларига мурожаат қилмаганлиги натижасида 11 миллион қарз бўлиб қолган. Орада 3 йил бесамар ўтган, бу давр мобайнида у аёли ва икки фарзандини молиявий жиҳатдан таъминлаб келганлигини таъкидлади. Қарздор бу сумманинг барчасини бирдан тўлай олмаган, албатта, у 2 миллион сўм тўлов киритган. Бироқ қарздор энди хизмат юзасидан хорижга чиқа олмайди, унинг касби (таржимонлик) эса мунтазам равишда хорижга чиқишни тақозо қилади. 

Яна бир ҳолат: ёш оилалардан бири бузилган, куёв хорижга кетган ва шу бўйи кўриниш бермаган, фарзанди учун алимент тўловларини тўламаган. Яқинда унинг қайтгани маълум бўлган. Шунинг учун кимга мурожаат қилиш, бундай вазиятда қандай иш тутиш мумкинлиги сўралди. 

Яккасарой туман суд ижрочилари барча саволларга жавоб бергани ҳолда, уларга керакли тавсиялар ҳам беришди. Хусусан, Яккасарой туман суд ижрочилари бўлим бошлиғи М.Машрапов ва суд ижрочиси Т.Ризаев сўзга чиқиб, алимент қарзининг миқдорини белгилаш, мажбуриятларидан бўйин товлаган кишиларга кўриладиган чоралар ҳақида сўз юритишди. Жумладан, вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаш шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилиши таъкидланди. 

Агар алимент тўлаши керак бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда унинг ҳажми Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган томон судга мурожаат қилишга ҳақли экани қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Тадбирда вояга етмаган болаларни таъминлашда ота-онанинг мажбуриятлари тенг эканлиги таъкидланди. 

Вояга етмаган фарзандларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади. 

Алимент қарздорлиги 2 ой ва ундан ортиқ муддатни ташкил этган тақдирда қарздорнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чеклаб қўйилади. 

Йиғилиш сўнгида ихтиёрий таъминот берилмаган ҳар бир ҳолат маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий муҳокама қилиниши, фуқароларга алимент ва қўшимча харажат ундириш бўйича судга мурожаат қилишга амалий ёрдам кўрсатиш каби вазифалар белгиланди. Шунингдек маҳалла вакиллари томонидан шу мавзу бўйича муайян таклифлар ҳам берилиб, улар суд ижрочилари томонидан қабул қилинди.