Ҳолливуд киноюлдузи Анжелина Жоли ва жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналду турк киноижодкорларининг Bridge of Life ("Ҳаёт кўприги") номли фильмида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Daily Sabah хабар тарқатган.

Нашр маълумотига кўра, трейлерни суратга олиш ишлари мамлакат жанубидаги Газиантеп вилояти ҳудудида бўлиб ўтади. Сериалда Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли Туркияга келган суриялик қочқинлар оиласи тақдири ҳикоя қилинади. Режага кўра, сериал 3 мавсумли қилиб олинади.

Картина директори Аюб Дирликнинг сўзларига кўра, бу тарихга "Ёки у ерда қолиб ҳалок бўласан, ёки бу ерга келиб яшашда давом этасан" шиор қилиб олинган. Унинг қайд этишича, Роналду ва Жоли ушбу лойиҳада иштирок этишни истаётган юлдузлар сирасига киради.

Ушбу сериалда бош ролни ижро этадиган туркиялик актриса Перихан Саваш сериални суратга олиш ишлари март ойида бошланиши ҳақида маълум қилган.

Бундан 10 йилча муқаддам британ таблоидларида ўша вақтда "Манчестер Юнайтед" жамоаси футболчиси бўлган Роналду Жолини ўз идеалидаги аёл деб билиши ҳақида айтгани ёзилганди.