АҚШ президенти Дональд Трамп Буюк Британиянинг Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳукумати раҳбари Уинстон Черчиллга ўхшашга ҳаракат қилиши ҳамда “оммавий ахборот воситаларидаги ёлғон маълумотлар” билан курашга ўз вақтини сарфламаслиги керак. Бу ҳақда Австралия бош вазири маълум қилди.

Австралия ҳукумати раҳбари Малькольм Тернбуллнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳаддан ташқари кўп вақтини ОАВда унинг маъмурияти ишини ёритиш услублари устидан кулиш ва ёлғон мақолалар билан курашга сарфламоқда, деб хабар беради Reuters.

“Буюк сиёсатчи Уинстон Черчилль бир вақтлар сиёсатчиларнинг матбуотдан нолиши денгизчиларнинг денгиздан нолишига ўхшаб кетишини айтганди”, - деди Тернбулл.

Унинг аниқлик киритишича, матбуот билан курашда ҳеч қандай маъно йўқ. “Биз билан бирга фаолият кўрсатаётган ОАВлар бор ҳамда бизнинг ишимиз фақатгина маълумот тарқатиш ва барча оммавий ахборот воситаларига эътибор учун миннатдорлик билдиришдир”, - дея маслаҳат берган Австралия бош вазири.

Шунингдек Тернбулл журналистлардан доимо ўз фаолияти ва жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровлар ҳақида саволлар олишини айтиб ўтди. Бу унинг партияси машҳурлиги даражаси рекорд ҳажмга пастга шўнғиганини билан боғлиқ.

Трамп 16 февраль, пайшанба куни ОАВларга қарши навбатдаги айбловлар билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, улар ёлғон янгиликларни тақдим этмоқда.

Трамп Оқ уйдаги матбуот анжумани давомида журналистларга унинг барча ҳаракати салбий қабул қилиниши, шу билан бир вақтда, Ҳиллари Клинтоннинг давлат котиби лавозимидаги қадамларига Трампдан бошқа ҳеч ким эътибор қаратмагани ҳақидаги айбловлар билан мурожаат қилди.

Шунингдек президентнинг маълум қилишича, ОАВ томонидан тарқатилаётган ишончсиз хабарлар Россия ва бошқа давлатлар билан муносабатларни яхшилашга катта тўсиқ бўлмоқда. “Мен сизларга шунчаки бир нарсани айтмоқчиман, йигитлар сизлар томонидан қилинган сохта репортажлар – ёлғон, даҳшатли ва ишончсиз бўлиб, Россия билан музокараларни қийинлаштирмоқда”, - деди Трамп. “Бу шармандали ҳолат. Сабаби, агарда биз Россия, Хитой, Япония ва барча бошқа давлатлар билан яхши муносабатларни ўрнатсак, бу салбий эмас, балки ижобий жараён бўлади”, - дея хулоса қилди Трамп.

Аввалроқ Трамп ҳақида доимий равишда танқидий мақолалар эълон қилинувчи The Washington Post газетаси 2 февраль куни ўз номини ошкор этмаган америкалик амалдорга асосан, АҚШ президенти Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан барча давлатлар раҳбарлари билан бўлган мулоқотларидан “энг ёмонини ўтказганини” хабар берганди. Нашр маълумотига кўра, икки давлат етакчиларининг суҳбати аслида бир соатга яқин вақт давом этиши керак эди, аммо Трамп уни 25 дақиқадан сўнг тугатиб қўйган. Ундан олдин эса АҚШ президенти Тернбуллга, у билан суҳбат “бугунги кундаги энг ёмон мулоқот” бўлганини хабар қилган. Манба маълумотига кўра, Трамп Тернбулл унга Австралиядан бўлган қочқинларни қабул қилиш ҳақидаги мажбурият тўғрисида эслатгач дарғазаб бўлган. Америка етакчисининг Twitter’даги саҳифасида ёзишича, Обама маъмурияти “Австралиядан бир неча минг ноқонуний муҳожирларни қабул қилишга рози бўлган”. Трампнинг қўшимча қилишича, “бу келишувни” ўрганиб чиқади.

Тернбуллнинг ўзи эса Трамп билан суҳбат конструктив ва очиқ руҳда ўтганини айтиб ўтди. “Бу суҳбатлар тўғридан-тўғри, очиқ ҳолда ўтказилади. Агарда сиз улар ҳақидаги хабарларни кўрган бўлсангиз, менинг яна ниманидир қўшимча қилиш ниятим йўқ”, - деди Австралия бош вазири.