Британиянинг Exchange and Mart савдо майдончаси сайтида АҚШ президенти Дональд Трампнинг лимузини сотилиши ҳақида эълон пайдо бўлди. Бу 1988 йилда махсус буюртма бўйича ишлаб чиқарилган Cadillac бўлиб, унинг қиймати тахминан 58,5 минг еврога баҳоланмоқда.

Лимузиннинг ҳозирги эгаси уни ўн йил муқаддам харид қилганини, у ва АҚШ раҳбарига қадар машина яна уч инсоннинг мулкида бўлганини хабар қилган. Трамп машинани айнан қанча муддат ишлатганига аниқлик киритилмади.

Маълум бўлишича, «Кадиллак» Трампнинг кўрсатмалари асосида тайёрланган. Аввалига 50та шундай лимузин чиқариш режалаштирилган, бироқ якунда атиги иккита нусха тақдим этилган.

Лимузинда мини-бар ва кассетали видеомагнитофонга эга кичик телевизор бор, орқа қисмдаги ўриндиқлар эса бир-бирига қарама-қарши жойлашган.

Беш литрли двигателга эга автомобиль шу пайтга қадар 72,5 минг километр масофа юрган.

Маълумот учун, 2016 йилнинг кузида 1997 йилда ишлаб чиқарилган ҳамда Дональд Трампга тегишли бўлган Lamborghini Diablo VT Roadster ҳам сотувга қўйилганди. Автомобиль 460 минг долларга сотилди.