Туркманистон президентлигига қайта сайланган Гурбангули Бердимуҳамедовнинг инаугурация маросими ўтказилди. «Туркманистон: олтин аср» газетасининг ёзишича, у Руҳият саройида «туркман халқига ва давлатга садоқат билан хизмат қилиши»ни айтиб қасамёд қилган.

Мамлакат раҳбари ўнг қўлини конституцияга қўйиб, «зиммасидаги масъулиятли вазифаларни виждонан бажариш»га, шунингдек, «Туркманистоннинг мустақиллиги ва бетарафлигини ҳимоя қилиш»га, «туркман халқини бирлаштириш ва тинч ҳаётни таъминлаш учун ўзининг бор кучини йўналтириш»га қасамёд қилган.

Шундан сўнг унга Туркманистон президенти гувоҳномаси топширилган, давлат мадҳияси янграган, маросимнинг барча иштирокчилари мадҳияни жўр бўлиб ижро этган.

Туркманистонда президентлик сайловлари 12 февраль куни бўлиб ўтди. Унда Туркманистоннинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов 97,69 фоиз овоз тўплаб, учинчи муддатга республика президенти этиб сайланди.