2013 йилнинг июлида ҳафталар давомида ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтган Истанбулдаги Тақсим майдонида янги масжид учун биринчи ғишт қўйилди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар тарқатди.

Бундан олдинроқ Тақсим майдонидаги қурилиш ишлари лойиҳасида савдо маркази ва Усмонийлар империяси даври услубидаги ҳарбий казарма ҳам ўрин олгани хабар қилинганди.

2013 йилги намойишлар Тақсим майдонининг Гези хиёбонида дарахтлар кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши норозилик акцияси билан бошланганди. Кейинчалик намойишчилар каттароқ талабларни илгари сура бошлашди, улар 11 йилдан буён ҳукумат тепасида бўлган, ўша вақтдаги бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғанни авторитар режим ўрнатишда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилишганди. Уларни Туркиянинг ярми қўллаб-қувватлаганди. Намойишларни бостириш вақтида бир неча киши ҳалок бўлган, минглаб кишилар жароҳатланганди.

Масжидга илк ғиштни қўйиш маросимида сўзга чиққан Истанбул мэри Қодир Тўпбош Тақсим майдонида масжид қурилиши билан боғлиқ суд жараёнини эслаб ўтган.

"Майдон рўпарасида Авлиё Мария черкови жойлашган, бу эса бизнинг шаҳримизда диний бағрикенглик амалда эканини исботлайди", — деган у. Мэрнинг сўзларига кўра, Тақсим майдонида масжид қурилишининг асосий сабаби яқин атрофда масжид йўқлигидир.