17  февраль куни Испания чемпионатининг 23-тур учрашувларига старт берилади. Tribuna.Uz Европанинг энг кучли чемпионатларидан бири тур ўйинлари анонси билан таништириб ўтади.

Испания ла-лигаси, 23-тур

«Гранада» - «Бетис» (18 февралга ўтар кечаси, 00:45)
Иккала жамоа ўзаро 45 марта рўбарў келишган. 14та учрашувда «Гранада», 21та учрашувда «Бетис» ғалаба қозонган, 10та учрашувда дуранг қайд қилинган. Жамоаларнинг сўнгги тўртта ўйинидан буён «Гранада» рақибини енга олмаяпти. «Гранада» уйида кечган сўнгги 7 учрашувнинг фақат иккитасида мезбонлар ғалаба қозонган.

«Гранада» жорий мавсумда мамлакат чемпионати доирасидаги сўнгги 9 учрашувдан фақат битта ғалабага эришди. «Бетис» сўнгги учта турдан буён фақат дуранг натижа қайд этмоқда. Сўнгги етти учрашувда жамоа битта ғалаба эришган.

«Спортинг Хихон» - «Атлетико» (18 февраль, 17:00, UzReport)
Иккала жамоа ўзаро 95 марта рўбарў келишган. 24та учрашувда «Спортинг», 47та учрашувда «Атлетико» ғалаба қозонган, 24та учрашувда дуранг қайд қилинган. Сўнгги йилларда «Спортинг» «Атлетико»га муносиб қаршилик кўрсатиб келмоқда. Хихонликлар «Атлетико»га қарши сўнгги бешта ўйинда 2та ғалаба ва 1 дурангга эришган.

Ўтган турда «Спортинг» 8 учрашувдан иборатсиз ғалабасиз серияси (7 мағлубият, 1 дуранг) якун ясади ва «Леганес» уйидан ғалаба билан қайтди. «Атлетико» чемпионат доирасидаги сўнгги бешта учрашувдан буён мағлубиятга учрамаяпти, 3та ғалаба, 2 дуранг.

«Реал» - «Эспаньол» (18 февраль, 20:15, UzReport)

Иккала жамоа ўзаро 172 учрашувда майдонга тушган. 101та учрашувда «Реал», 38та учрашувда «Эспаньол» ғалаба қозонган, 33та учрашувда дуранг қайд қилинган. «Эспаньол» «қаймоқранглилар»га қарши сўнгги 9 учрашувнинг барчасида мағлубиятга учраган. Сўнгги марта жамоа «Реал»ни деярли ўн йил муқаддам, 2007 йилнинг октябрида мағлубиятга учратган. Унгача 21та учрашувнинг 18тасида имкониятни бой бериб, дуранг натижа қайд этган. Мадридликлар дарвозасига бу вақт мобайнида жами 8та гол кирита олган холос.

«Эспаньол» сўнгги марта Мадридда бундан 21 йил муқаддам ғалаба қозонган. Ўшанда 1996 йилнинг апрелида примера доирасидаги учрашувда 2:1 ҳисобида жамоа «Реал»дан устун келган.

«Реал» чемпионат доирасидаги сўнгги 5та ўйинда тўртта ғалаба қозониб, 1 марта мағлубиятга учраган. «Эспаньол» ҳисобида сўнгги бешта ўйинда 3та ғалаба ва 2 мағлубият мавжуд.

«Депортиво Ла Корунья» - «Депортиво Алавес» (18 февраль, 22:30)
Иккала жамоа ўзаро 51 марта рўбарў келишган. 16та учрашувда «Депортиво», 20та учрашувда «Алавес» ғалаба қозонган, 15та учрашувда дуранг қайд қилинган. Жамоалар ўртасидаги сўнгги тўртта учрашувда (2та кубок) фақат дуранг натижалар қайд қилинган. Сўнгги марта «Алавес» Ла-Коруньядан 2006 йилнинг январида ғалаба билан қайтган.

«Депортиво» сўнгги 7 учрашувдан буён ғалаба қозона олмаяпти (5та дуранг, 2 мағлубият). «Алавес» кубок финалига йўлланма олди. Испания чемпионати доирасидаги сўнгги тўрт учрашувида фақат «Барселона»га имкониятни бой берди.

«Севилья» - «Эйбар» (19 февралга ўтар кечаси, 00:45, UzReport)
Иккала жамоа ўзаро 11 марта рўбарў келишган. Шуларнинг фақат бештаси Испания юқори дивизионидаги учрашувга тўғри келади. «Эйбар» Примера доирасида ҳали бирор марта ҳам «Севилья»ни мағлуб эта олмаган — 3та дуранг, 2 мағлубият. Жами учрашувларнинг 5тасида «Севилья», фақат 1та учрашувда «Эйбар» ғалаба қозонган, 5та учрашувда дуранг қайд қилинган.

«Севилья» Испания чемпионатидаги сўнгги уч учрашувдан фақат сўнггисида ғалаба қозонди. «Эйбар» эса сўнгги тўртта учрашувдан буён мағлубиятга учрамаяпти. Сўнгги иккита учрашувда жамоа жами 8:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Реал Сосьедад» - «Вильярреал» (19 февраль, 16:00, UzReport)
Иккала жамоа ўзаро расмий учрашувларда 33 марта рўбарў келишган. 7та учрашувда «Реал Сосьедад», 13та учрашувда «Вильярреал» ғалаба қозонган, 14та учрашувда дуранг қайд қилинган. «Вильярреал» «Реал Сосьедад» уйида кечган сўнгги 8 учрашувнинг фақат биттасидагина мағлубиятга учраган. Бу мағлубият ҳам шу йилнинг бошида кубок доирасидаги учрашувда содир бўлди.

«Сосьедад» сўнгги бешта учрашувнинг 4тасида ғалаба қозонган. Жамоа фақат Мадридда «Реал»га имкониятни бой бериб қўйган. «Вильярреал» Ла-лигадаги сўнгги олти учрашувда фақатгина бир марта ғалаба қозонди ва ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдан деярли чиқиб кетди. Европа лигасида ҳам жамоа «Рома»дан ўз уйида қақшатқич зарба қабул қилиб олди.

«Валенсия» - «Атлетик» (19 февраль, 20:15)
Иккала жамоа ўзаро 169 марта рўбарў келишган. Қизиғи бу учрашувларнинг фақатгина 4таси кубок, 2таси эса Европа лигасига тўғри келади. Қолган 163 учрашувнинг барчаси Испания олий дивизионидаги ўйинлар бўлган. Бу икки жамоа қарама-қаршилиги тарихида март ойида 85 йил (!) тўлади. Жами бўлиб, 66та учрашувда «Валенсия», 64та учрашувда «Атлетик» ғалаба қозонган, 39та учрашувда дуранг қайд қилинган. «Валенсия» Испания чемпионатида 8 учрашувдан буён рақибини енга олмаяпти. Сўнгги марта «кўршапалаклар» 2012 йилнинг октябрида ўз уйида кечган учрашувда ғалаба қозонган. 

«Валенсия» сўнгги уч турдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Бунгача жамоа иккита учрашувда кетма-кет ғалабага эришганди. «Атлетик» сўнгги беш учрашувда фақатгина «Барселона»га имконият бой берган.

«Сельта» - «Осасуна» (19 февраль, 22:30)
Иккала жамоа ўзаро 61 марта рўбарў келишган. 30та учрашувда «Сельта», 23та учрашувда «Осасуна» ғалаба қозонган, 8та учрашувда дуранг қайд қилинган. Сўнгги олти учрашувда «Осасуна» бир марта ғалаба қозонган.

«Сельта» Ла-лигадаги сўнгги тўртта учрашувдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Европа лигасида ҳам жамоа «Шахтёр»га ўз уйида имкониятни бой бериб қўйди. «Осасуна» эса 8 учрашувдан буён ғалаба нималигини билмай келмоқда.

«Барселона» - «Леганес» (20 февралга ўтар кечаси, 00:45, UzReport)
Иккала жамоа ўзаро фақатгина 1 марта рўбарў келишган. Ўтган йилнинг сентябрида бўлиб ўтган учрашувда «Барселона» лиганинг мутлақ дебютанти уйида 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди.

Кетма-кет 10та учрашувдан буён ўта муваффақиятли ўйнаб келаётган «Барселона» ҳафта ўртасида Европа Чемпионлар лигасида «ПСЖ»га қарши учрашувда қақшатқич зарба қабул қилиб олди ва сўнгги 10 йилда биринчи марта ЕЧЛда ҳаттоки чорак финалга ҳам чиқа олмаслик хавфи остида қолмоқда. «Леганес» эса ўта муваффақиятсиз ўйинларини давом эттирмоқда. Жамоа сўнгги 10турда Испанияда бирорта ҳам ғалаба қозона олмади.

«Малага» - «Лас Пальмас» (21 февралга ўтар кечаси 00:45)
Иккала жамоа ўзаро 25 марта (шулардан 7тасида Ла-лига доирасида, қолгани қуйи дивизион учрашувлари) рўбарў келишган. 9та учрашувда «Малага», 7та учрашувда «Лас-Пальмас» ғалаба қозонган, 9та учрашувда дуранг қайд қилинган. Сўнгги олти учрашувда «Осасуна» бир марта ғалаба қозонган. «Лас Пальмас» сўнгги марта «Малага» уйида роппа-роса 53 йил олдин Сегунда (Испания иккинчи дивизиони) доирасидаги учрашувда ғалаба қозона олган холос.

«Малага» барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда сўнгги 10та учрашувнинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаяпти. «Лас-Пальмас» эса олти учрашувда иккита, (улардан бири «Атлетико» уйида) ғалаба, битта дуранг натижа қайд этган.