Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, аввалроқ олий таълим муассасалари тасарруфига ўтказилган бир қатор институтлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибига қайтарилади. 

Жумладан, академия таркибида қуйидаги институтлар бўлади:

- Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Тарих институти;

- Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Математика институти негизида В.И.Романовский номидаги Математика институти;

- ЎзМУ Физика факультетининг тегишли лабораториялари ва ноёб объектлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ҳузуридаги Радиация хавфсизлиги маркази негизида Ядро физикаси институти;

- Тошкент давлат техника университети Муҳандислик-физика факультетининг тегишли лабораториялари негизида У.А.Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти; 

- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ва Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Тармоқ машинасозлиги муаммолари илмий-тадқиқот маркази негизида М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти; 

- Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази негизида Полимерлар кимёси ва физикаси институти; 

- Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази негизида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти; 

- Самарқанд шаҳридаги Археология институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг Тошкент бўлими негизида Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти; 

- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти; 

- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти музейи негизида Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгашини Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгашига айлантириш тўғрисидаги таклифи қондирилади. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ Фанлар академияси тасарруфига ўтказилсин, у Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгашининг ишчи органи этиб белгилансин. 

Қайта ташкил этилган Фанлар академияси илмий муассасалари юридик шахс мақомига эга давлат муассасасидир, улар аввал ўзлари тасарруфида бўлган вазирлик ва идоралар негизидаги илмий муассасаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.