Тошкент шаҳар ҳокимлигида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида шу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Пойтахтда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилингани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимованинг айтишича, эндиликда мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги шифохоналарга дори-дармон ва боғлов воситаларни харид қилиш учун ажратилаётган маблағ камида икки баробарга оширилади. Бу ҳақда аҳолига, айниқса, беморларга аниқ маълумот бериш мақсадида шифохоналардаги барча палаталарга тиббиёт муассасасида мавжуд дори-дармон воситаларининг рўйхати илиб қўйилади, стационарларда даволанаётган беморларнинг дори-дармон сотиб олиб келишига йўл қўйилмайди.

Тошкент шаҳрида тиббий хизматни ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар жараёнида дорихоналар фаолиятини такомиллаштириш, дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари чекланган нархларда сотилиши ҳолати ҳам мониторинг қилиб борилмоқда. 

Шунингдек тез тиббий ёрдам хизматини янада такоммиллаштириш мақсадида тизимга яна йигирмата замонавий машина ажратилди. Тез ёрдам машиналари замонавий алоқа тизимлари билан жиҳозланди. Бундан ташқари жорий йилда оилавий поликлиникаларга «Damas» русумидаги автомашиналари ажратиш режалаштирилган.

«Бундан мақсад тиббий-профилактика хизматини янада ривожлантириш, хонадонларда уюштириладиган патронаж кўригини кучайтириш, тиббиёт муассасасига тушаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, тиббий хизматдан ҳар бир инсоннинг рози бўлишига эришишдан иборат», дейилади хабарда.