2017 йил 16-17 февраль кунлари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишида кўрсатилган чора-тадбирлар юзасидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари” мавзуида амалий тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати Kun.uz`га хабар берди.

Тадбирнинг биринчи кунида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари Сергели, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари билан учрашдилар. Унда асосий эътибор, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, кичик саноат зоналари иштирокчиларининг зарурий муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ҳолатини танқидий ўрганиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, кичик саноат зоналари ҳудудида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда тижорат банкларининг иштирокини кенгайтириш ҳамда уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ўрганиш ва партия фракцияси, депутатлик гуруҳлари орқали ҳал этиш масалаларига қаратилди.

—200 ҳилдан ортиқ дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳамиз жорий йил охирида ишга тушади, - дейди лойиҳа таъсисчиси Баҳодир Аҳадов. —Умумий қиймати 14 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳамизни ишга туришсак 300 дан ортиқ янги ишчи ўрни яратишга муваффақ бўламиз. Қолаверса, бугунги кунда маҳсулотларимизни Россия ва Қозоғистон Республикаларига экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаш арафасидамиз. 

Тадбирнинг иккинчи куни Адлия, Прокуратура, Солиқ, Марказий банк, Тошшаҳаргаз ва электр тармоқлари вакиллари ҳамда партия электорати – тадбиркорлар иштирокида кичик саноат зоналарида ўрганилган муаммолар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга ечимини топишга қаратилган очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган комплексли вазифалар кўриб чиқилди. Умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Очиқ мулоқотда янги иш ўринларини яратиш, ёшлар ва аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш, маҳалла, тижорат банклари ва тадбиркорликка хизмат қилувчи бошқа барча тузилмалар билан амалий ҳамкорликни тўғри ва самарали ташкил этиш муаммолари ҳамда таянч тармоқлар фаолияти билан боғлиқ масалалар, шунингдек экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарнинг муаммолари, солиқ ставкаларини камайтириш, банклардан кредит олиш масалалари очиқ муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.