Тошкент шаҳрида февраль охиригача барча тез ёрдам машиналари GPS-трекерлар билан жиҳозланади, деб маълум қилди Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Абдулла Иботов.

Унинг айтишича, бу Тошкент ҳокимияти томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида кўзда тутилган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун 102,2 млн сўм ажратилган.

"Ҳозирда ушбу қурилма ўрнатилган 6 та тез ёрдам машинасини синовдан ўтказдик. Натижалар бизга маъқул бўлди ва биз қолган барча машиналарни GPS-трекер билан жиҳозлашни бошлаймиз. Бу бизга нафақат машина йўналишини кузатишга, балки ҳайдовчиларга йўл кўрсатишда, уларга энг қисқа йўлни айтишга имкон беради. Шу тариқа, бир томондан, биз тез ёрдам хизмати хавфсизлигини таъминлаймиз, бошқа томондан, бутун жараённи тўлиқ назорат қиламиз", деб айтди Иботов.

Ҳозир Тошкентда 15 тез ёрдам подстанцияси мавжуд. Тошкентдан кейин бу тажрибани бутун мамлакат бўйлаб жорий қилиш режалаштирилган. Тошкент бу тизимдан қанчалик самарали фойдаланишни кўрсатадиган ўзига хос бошланғич лойиҳа бўлади. 

Яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тиббий ходимлар фаолиятини танқид қилиб, соғлиқни сақлаш вазиридан бу соҳани тартибга келтиришни сўраган. Хусусан, тез ёрдам хизмати, оилавий шифокорлар, қишлоқ врачлик пунктлари ва туғуруқхоналар фаолияти ҳам танқидга учраган. Вазир бунга жавобан барча мавжуд муаммоларни бартараф этишга ваъда берган.