Тошкент шаҳридаги тиббий диагностика марказлари, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Тошкент шаҳри ҳокими томонидан тайинланади. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари тегишли туман ҳокими билан келишилган ҳолда тайинлаш шаҳар ҳокими ваколатига киради. 

Тошкент шаҳри ҳокимиятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг вақтида шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар аёллар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳмонованинг маълум қилишича, бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 7 февраль куни имзоланган қарорида белгилаб қўйилган.

Бунгача бу ҳуқуқлар Соғлиқни сақлаш вазирлигида эди.

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 17 февралдаги қарорига кўра, эндиликда Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий органларидаги кадрлар таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори малакали мутахассислар, ҳалол, пок, виждонли, масъулиятли ходимлар билан мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилади.

Мазкур талаблар асосида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ва бошқарув органлари раҳбарларининг малакаси ҳамда касбий тайёргарлиги даражасини доимий равишда ошириб бориш тизими яратилади.

Уларнинг касбий тайёргарлик ва малака даражаси бўйича эгаллаб турган лавозимига муносиблиги ҳар йили тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан келишган ҳолда аттестациядан ўтказиб баҳолаб борилади.