Ўзбекистонда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг имзоланган конвенцияларига риоя қилиниши бўйича Республика идоралараро комиссиясини тузиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама қилинадиган сайтда шу ҳақдаги ҳужжатнинг лойиҳаси жойлаштирилган

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган лойиҳа «Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини 2017-2020 йилларда татбиқ этиш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида» деб номланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда ХМТнинг конвенцияларини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссия тузилади. 

Ушбу комиссияга Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева етакчилик қилади. 

Комиссия таркибига, шунингдек, 18 киши, жумладан, меҳнат, ташқи ишлар, молия, иқтисодиёт, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари ўринбосарлари, Савдо-саноат палатаси раиси ва бошқалар киради. 

Комиссия ХМТнинг конвенциялари ва тавсияларини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботларини шакллантиради. Халқаро анжуманлар, кенгашлар, маслаҳатлашувлар ва бошқа шу каби йиғилишларда қатнашади ҳамда уларда меҳнат ва бандликка доир Ўзбекистон нуқтаиназарани маълум қилади.