Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда олий таълимдан кейинги таълимнинг икки даражали тизими жорий этилади. «Газета.uz» нашри ҳукуматдаги манбасига асосланиб хабар қилишича, бу  президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги фармонида кўзда тутилган.

Янги тизим бошланғич докторантура (фан соҳасидан келиб чиққан ҳолда диссертацияни ҳимоя қилиш ва фалсафа доктори илмий даражаси — PhD’ни олиш) ва докторантурани (диссертация ҳимояси ҳамда фан доктори илмий даражаси — Doctor of Science, ScD’ни олиш) ўз ичига олади.

2013 йил 1 январдан Ўзбекистонда олий таълимдан кейинги бир даражали тизим амал қилиб келинаётган эди. Давлат раҳбари фармонида қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари олий таълимдан кейинги бир босқичли тизим шароитида тўпланган тажрибаларни қатор хорижий мамлакатларнинг мазкур соҳадаги илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш заруриятини пайдо қилмоқда.

Фармонга мувофиқ, PhD даражаси магистр даражаси ёки олий маълумотга (мутахассисликлар дастурлари бўйича) ёки клиник ординатурани (тиббиёт фанлари учун) тамомлаган ва диссертацияни ҳимоя қилган шахсларга берилади. ScD даражаси эса фан номзоди ёки хорижий давлатларда олинган PhD даражасига эга ҳамда диссертация ҳимоя қилган шахсларга берилади.

Бошланғич докторантурага магистр ёки олий маълумотга эга ёхуд клиник ординатурани тамомлаган, докторантурага эса — фан номзоди ёки хорижий давлатларда олинган PhD даражасига эга ёхуд улар билан тенглаштирилган бошқа даражаларга эга шахслар қабул қилинади.