Адабиёт — бўлмасин ёт

Жамият 18 Февраль 2017 4552

“Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар”
А. Чўлпон

Маълумки, минг йиллардан бери адабиётимиз гуманизм — инсонпарварлик, инсонга муҳаббат, ишонч ғояларини куйлайди. Ҳозирги кунда адабиётимиз хилма-хил ва ранг-баранг. Ёзувчи хоҳласа реалистик, модернистик йўналишда, хоҳласа арузда асар ёзиши, фольклор анъаналарини адабиётга олиб кириши, хоҳласа буларнинг ҳаммасини синтезида китоб ёзиши мумкин. Лекин шунга қарамасдан бугунги адабиёт (асарлар)имизда инсонпарварлик туйғулари бир оз бўшашиб қолмаяптимикин?

Америкалик машҳур ёзувчи Фолкнердан сўрашган экан: «Сиз қайси йўналишда ёзасиз?» Шунда У: «Мен гуманизмда ёзаман», — деган экан. Аслида гуманизм деган методнинг ўзи йўқ. Лекин у ҳар бир методнинг, йўналишнинг ичида инсон ёнида турадиган ёзувчи бўлиши кераклиги ҳақида бонг урмоқда. Яъни инсоннинг инсонлиги, унинг қалби, манфаатлари табиат қандай яратган бўлса, шундайлигича қолиши тўғрисида, табиий туйғуларини ҳимоя қилиш маъносида айтиб ўтган.

Тўғри, бугун адабиётга йўл-йўриқ кўрсатиб, сен ундай, сен бундай ёз, деб бўлмайди. Бутун ер юзида бизнес қоидалари ҳукмронлик қила бошлаганидан бери, адабиётга бозор иқтисодиёти мисли кўрилмаган даражада шиддат билан кириб келгандан кейин, бизнинг миллий адабиётимизга ҳам «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» кириб кела бошлади. Бугунги кунда аксар «асарлар»да инсонни инсон айлайдиган, уни юксакка кўтарадиган эмас, балки инсоннинг ҳайвоний истакларини қондиришга қаратилган, ўч олувчи, аламзада, ғазабнок, қаҳру ғазабга тўлган, атрофдагилардан норози ва бошқа жамиятдаги турли воқеа-ҳодисаларни инкор қилувчи қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда ҳамда улар «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» каби кўринишларда ўқувчиларга тақдим этилмоқда. Оммавий маданиятнинг бир шакли, кўриниши сифатида оммавий адабиётнинг кириб келиши, инсонпарварлик, инсонсеварлик ғояларини сусайтиради.

Айни пайтда, ёзувчи, шоир, маърифатчиларимиз олдида қайси асарни ўқиш, қайсинисидан сал чекиниш, қайси биридан қочиш керак, деган масала турибди. Бу фақат адабиётшуносликнинг муаммоси бўлиб қолиши керак эмас, балки шу жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг муҳим инсоний вазифасига айланиши лозим. Шу қатори адабиёт ўқитувчилари ҳам ўқувчига асар танлашда керакли мулоҳазаларни етказиши мақсадга мувофиқ. Чунки ўқувчи ўқиган асаридан янги фикр олиши, ниманидир ўрганиши, ўрганганларини ўз ҳаёти мобайнида қўллаши зарур. Адабиёт, бадиий асарнинг вазифаларидан бири ҳам мана шу.

Бугунги кунда ёзилаётган айрим «асарлар» (агар «асар» деб бўлса)ни ҳам «тижорий адабиёт», «кўча адабиёти» кабиларнинг бир шакли дейишимиз мумкин. Бу «асарлар»нинг мақсади ўқувчига янги фикр бериш эмас, балки уларга енгил ҳаётни ўргатиш, холос. Агар бадиий асар реал ҳаётдан олиниб, инсон қалбини эгаллайдиган даражада қизиқарли, эзгу фазилатларга чорловчи ҳамда маъно-мазмунга бой бўлса, китобхон уни ўзи топиб, зарур бўлса, китоб дўконларидан сотиб олиб ўқийди. Шунинг учун ҳам ҳар бир ижод аҳли қалам тебратаётганда китоб дўконларини тўлдирадиган, безайдиган эмас, балки тили содда, руҳиятни кўтарадиган, эзгу ғоялар билан йўғрилган, умуман олганда, инсоннинг интим туйғуларини қўзғатувчи асарларни дунёга келтириш ҳақида мулоҳаза қилиши муҳим саналади. Зеро, Республикамизнинг Биринчи Президенти айтиб ўтганларидек, «Чинакам китобхонлик бор жойдагина юксак тараққиётга эришиш мумкин».

Кўпинча, ёшлар китоб ўқимай қўйди, дея нолиймиз. Китоб ўқиш ёки ўқимаслик ўқитувчи, хусусан, адабиёт ўқитувчисининг маҳоратига боғлиқ. Чунки китоб (бадиий асар) ўқишга қизиқтириш ўқитувчининг моҳирлик билан ўқувчиларни асар ичига олиб киришида кўринади. Асар воқеа-ҳодисалари, қаҳрамонларнинг ўй-хаёллари, ҳаёт кечинмалари ва бошқа жараёнлар айни пайт билан таққосланган, ва албатта, бугунги кун талаби бўлган замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда тушунтирилса, ўқувчи онгида узоқ сақланади ҳамда кутилган самарани беради.

Ислом Каримовнинг «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» рисоласида: «Ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур», — дея қайд этилган. Шундай экан, ёшларни адабиётга қизиқтиришнинг муҳим омилларидан бири дарс жараёни ва дарсдан ташқари қўшимча машғулотларда АКТни қўллаш ҳисобланади. Асар воқеа-ҳодисаларини маъруза шаклида тинглашдан кўра кўпроқ кўз билан кўриб, баъзи жараёнлар бевосита компютерда бажарилса, ўзлаштирилиши лозим бўлган тушунчалар тез ўзлаштирилади ҳамда уни амалга жорий этиш енгил кечади. Бир сўз билан айтганда, ўқувчининг бадиий асар мутолаасига қизиқиши адабиёт фанига бўлган меҳр-муҳаббат туйғусидан бошланади. Шу туйғуни уйғотиш эса ҳар бир адабиёт ўқитувчисининг энг асосий вазифасига айланиши лозим.

Демак, адабиёт ҳар бир шахснинг дунёқараши, сўз бойлигини оширади. Уларни ёд ғояларга қарши курашувчи куч сифатида тарбиялайди. Шу билан бирга, китоб ўқиш инсонларни эмпатияга — фақат ўз хоҳиш-истаклари ва манфаатларини ўйлашдан воз кечиб, умумий мақсад йўлида бирлашишга ундайди. Зеро, китоб — қалбни ёритувчи офтоб!

Иномжон Нишонов
Қувасой шаҳар
26-умумий ўрта таълим мактаби
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14413 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68199 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37096 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 614 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1015 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1590 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1608 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар