Америкалик тарихчилар Барак Обамани АҚШнинг барча президентлари рейтингида 12-ўринга муносиб кўришди. У Вудро Вильсондан кейинги ўринга жойлаштирилган. Биринчи учликка Авраам Линкольн, Жорж Вашингтон ва Франклин Рузвельт киритилган.

Ушбу рейтингни тузиш билан шуғулланувчи C-SPAN телеканали маълумотларига кўра, Обама иқтисодий бошқарув соҳасида яхшироқ кўрсаткичга эга бўлган. Бу борада у 8-натижани кўрсатган. Оқ уйнинг собиқ раҳбари энг ёмон натижани Конгресс билан ҳамда халқаро муносабатлар соҳасида намойиш этган ва тегишли равишда 39-, 24-ўринларни эгаллаган. 

Рейтинг АҚШ етакчилари аутсайдерлари сифатида Жеймс Бьюкенен, Эндрю Жонсон ва Франклин Пирсни қайд этган.

Обамадан аввалги президент Жорж Буш кичик 43 нафар президентлар орасида 33-ўринга муносиб кўрилган. Тарихчиларнинг фикрича, Буш кичик ўзини халқаро муносабатларда жуда ёмон намоён этган. 

Ўзига хос рейтингни тузишда Америка етакчи университетларининг 91 нафар тарихчи ва бошқа мутахассислари қатнашган.