Аргентина ғарбида юз берган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 19 кишига етди, камида 21 нафар инсон жароҳат олган. Бу ҳақда маҳаллий Clarin портали хабар бермоқда.

Аввалроқ 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ҳодиса Мендоса вилоятидаги Чили томонга олиб борувчи йўлда шанба куни эрта тонгда содир бўлган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, автобус Чилининг TurBus компаниясига тегишли бўлган. Компания маълумотларига кўра, йўловчилар орасида Аргентинанинг 32 нафар фуқароси, тўрт нафар чилилик, бир колумбиялик ва Ҳаитининг бир фуқароси бўлган. Шунингдек автобусда камида уч нафар ёш бола ҳам бўлгани айтилмоқда.

Порталнинг хабар беришича, 16 нафар инсон воқеа жойида ҳалок бўлган, яна уч киши касалхонада ҳаётдан кўз юмган.

Маҳаллий ҳукумат ҳодиса сабабларини ўрганмоқда. Тахминий маълумотларга кўра, автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган. Омон қолган йўловчиларнинг сўзларига қараганда, ҳалокатга тезликни оширганлик сабаб бўлган бўлиши мумкин.