Маълумки, Ўзбекистонда Мустақиллик йилларида таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги куннинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилди. Соҳага оид қабул қилинган қатор давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди.

“Халқ сўзи” мухбири халқ таълими тизими олдига қўйилаётган вазифаларни тўлақонли ­бажариш, амалий натижаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган  ишлар хусусида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ­Улуғбек Иноятов билан суҳбатлашди.

Вазирнинг маълум қилишича, бугунги кунда халқ таълими тизимида 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9692 та умумий ўрта таълим мактаби, 301  болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 ­“Баркамол авлод” маркази, 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та давлат ­педагогика ­институти ­фаолият кўрсатмоқда.

Тизимда раҳбар ва педагог кадрларнинг масофадан малака ошириши бўйича эса замонавий методлар жорий этилган. 2016 йилда 93 мингдан ортиқ раҳбар ва педагоглар 140 та ­малака тоифаси асосида ўз ­маҳоратини оширган.

Ҳозирги кунда эса Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида 389 минг 740 нафар педагог фао­лият юритади. Педагог кадр­лар таркиби мунтазам ўрганилиб, уларнинг билими, маҳорати аттестация ва синовлардан ўтказиб ­борилмоқда. Жумладан, вазирнинг сўзларига кўра, шу йилнинг 3 — 12 январь кунлари ­инглиз тили ўқитувчиларининг касбий маҳорати ҳамда билим даражасини ўрганиш бўйича ­синовлар ўтказилди. Жами 20 минг 119 нафар ўқитувчидан 17250 (89,5 фоизи) нафари синовдан муваффақиятли ўтган. Қолган 2869 нафар ўқитувчининг нав­батдан ташқари малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилди.

Шунингдек Иноятовнинг айтишича, ўтган йилларда ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамда миллий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, соҳавий ёндашувга асосланган 18 та умумтаълим фани бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланиб, 75 та мактаб, 39 та касб-ҳунар коллежи ҳамда 28 та академик ­лицейда тажриба-синовдан ­ўтказилган. Шу асосда янги давлат таълим стандарт­лари ва ўқув дастурлари ­лойиҳаси ҳам тайёрланди.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ҳамда аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 10-06 қисқа рақамли “Ишонч телефони”дан ташқари, 2016 йилнинг 28 ноябридан халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди.

Вазирнинг айтишича, 2016 йилда вазирликка фуқаролардан 5,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг мазмуни таҳлил этилиб, энг кўп ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушаётган масалалар — иш билан таъминлаш, таълим муассасасига ўқишга кириш ва жойлаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, таълим-тарбия мазмунини такомиллаштириш, мактабларда дарс тақсимоти бўйича муаммоларнинг олдини олиш чоралари кўрилаётгани айтилди. Шунингдек, мурожаатлар нисбатан кўп келиб тушаётган ҳудудларда қабул кунлари, очиқ эшиклар куни ўтказилаяпти.

Бундан ташқари, Президентнинг яқинда “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирлардан иборат дас­тур замирида ҳам  болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча шарт-шароитни ­яратиш мақсади мужассамдир. Дастурга биноан, 2 минг 200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, зарур инвентар, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалга оширилиши натижасида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 1,5 баробар ­ортади. 2021 йилга бориб, республикамизда мактабгача таълим муассасалари 1 миллион 109 минг нафардан ортиқ болаларни қамраб олиш имкониятига эга бўлади.

Дастурда тарбиячи-педагоглар салоҳияти, малакаси ва тажрибасини оширишга ҳам эътибор қаратилган. Мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда улар малакасини оширишда, биринчи навбатда, ўқув режа ва дастурлар илғор педагогик технология ҳамда методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади. Бугунги кунда тизимда фаолият олиб бораётган 55 мингдан зиёд педагог ходимларнинг малакаси замонавий ўқув режа ва ­дастурлар асосида босқичма-­босқич оширилади.

Вазирнинг айтишича, илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, 2017 йилда мактабгача таълим-тарбия тизими учун муқобил дастурларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қилинади. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилияти ва ман­тиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтириш, олдингидан фарқли ўлароқ, ёзиш ҳамда ўқишни жадал ўрганишига хизмат қилади.

Иноятовнинг таъкидлашича, бугунги кунда болалар чет тилларни шу соҳага оид янги давлат ­таълим стандартлари ҳамда ўқув ­дастурларига мос дарсликлар асосида катта қизиқиш билан ўрганмоқда экан. Айни пайтда 1 — 4-синф ўқувчилари учун замонавий дарслик-мажмуалар ишлаб чиқилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар дарсликлар билан юз фоиз бепул таъминлангани айтилди. Чет тили таълими самарадорлигини ошириш мақсадида мактабларга барча зарур жиҳоз ва инвентар етказиб берилган.

“Kids’ English” дарслиги бошланғич синфлар учун ягона ­концептуал методика ҳамда тамойил­лар асосида яратилган. Чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари асосида таълим олаётган 4-синф ўқувчилари 2017/2018 ўқув йилида 5-синфда ўқишни давом эттиради. Бу ­жараён билан боғлиқ равишда амалдаги инглиз, француз ва немис тили дарсликлари ҳам янги талаблар асосида, 1-4-синф чет тили дарсликларининг мантиқий давоми сифатида қайта ишланмоқда. Айни пайтда мажмуалар жойлардаги бир нечта мактабда тажриба-синовдан ўтказилмоқда. 2013 — 2016 йиллар давомида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг шу йўналишда таҳсил олган 6 минг 133 нафар битирувчиси умумтаълим мактабларига ишга жалб қилинган. Жорий ўқув йилида эса чет тили ўқитувчиларини тайёрловчи 18 та олий таълим муассасасининг 1 минг 421 нафар битирувчиси ишга қабул қилинган.

Шунингдек вазир бугунги кунда 9 минг 576 та мактаб кутубхонаси ҳамда ахборот-­ресурс маркази фаолият кўрсатаётгани айтди. Шунингдек, тизимда 12 вилоят ва 199 туман ­(шаҳар) ахборот-ресурс марказлари ҳам мавжуд. Ушбу муассасалардаги китоб фонди 23 миллиондан ошган. Яъни 4,8 миллион ўқувчининг ҳар бирига ўртача 4,7 донадан китоб тўғри келади.

Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, кутубхоналар фонди ҳар йили камида 15 — 20 номдаги янги адабиётлар билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқ экан. Вазирлик томонидан мактаб кутубхоналари фондини болалар бадиий адабиётлари билан ­бойитиш мақсадида 2014/2015 ўқув йилида 1 — 4-синф ўқувчилари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 5,6 миллиард сўмлик 27 номдаги бадиий адабиётлар етказиб берилгани айтилди. Жорий ўқув ­йилида эса мактаб кутубхоналари 5-9-синф ўқувчилари учун
7,6 миллиард сўмлик 28 номдаги бадиий адабиётлар билан ­таъминланаётгани маълум қилинди.