Бухорода халқ депутатлари Когон шаҳар кенгаши ва Когон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, сессияларда вилоят ҳокими Ўктам Барноев қатнашди.

Ҳар икки сессияда ҳам ташкилий масала кўрилди. Хусусан, шу вақтга қадар Бухоро тумани ҳокимининг саноат, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган Фарҳод Мардонов Когон шаҳри ҳокими этиб сайланди.

Когон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эса ўз аризасига биноан, туман ҳокими С. Ҳамроев вазифасидан озод қилинди. Шу вақтга қадар Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази коммунал хўжалик хизмати бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Йўлдош Жумаев туман ҳокими этиб сайланди.