АҚШ билан чегарада жойлашган Сьюдад-Хуарес шаҳрида жума куни минглаб мексикаликлар “жонли девор”ни ташкил этишди. Бу президент Дональд Трампнинг чегарада девор қуриш борасидаги режаларига қарши норозилик сифатида амалга ошди.

Акцияда таниқли сиёсатчилар, хусусан Демократик инқилоб партияси асосчиси ва мамлакат президентлигига уч карра номзод Куаутемок Карденас ҳам иштирок этди. Excelsior’нинг таъкидлашича, норозилик намойишига чегара олдидаги Чиуауа штати губернатори Хавьер Корраль, Сьюдад-Хуарес ҳокими Армандо Кабада ва Американинг Эль-Пасо шаҳри ҳокими Оскар Лизерлар ҳам келган.

Намойишчилар қўлида атиргул бўлган, улар гулларни қўшни мамлакат аҳолисига қараб силкитишган. “Биз деворга дўстлик девори билан қарши чиқамиз, турли овозлар битта жойга йиғилса, ягона товуш пайдо бўлади, турли қўллар бир-бири билан боғланса, бу биз биргаликда эканимиздан дарак беради”, - дея маълум қилди Чиуауа губернатори Корраль.

АҚШ ва Мексика муносабатлари Трамп ҳокимият тепасига келгач жиддий равишда кескинлашди. У президентлик лавозимига киришганидан сўнг Мексика билан чегарада девор қуриш ҳақида кўрсатма берди. Трамп Мехико бу қурилишнинг барча сарф-харажатларини қоплаши керак, деб ҳисобламоқда, аммо Мексика президенти буни кескин рад этди.