Аҳолига чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пулсиз хисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, нақд пул маблағларини банк айланмасига жалб қилиш ва тўлиқ ҳисобга олиниши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантиришга қаратилган қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор республикамиз ҳудудларида назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминаларидан фойдаланмаслик, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан нақд пул маблағлари тушиши даражасининг пастлиги натижасида даромадларнинг катта қисми банкдан ташқари муомалага чиқиб кетаётганлиги сабабли аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида носоғлом муҳитни вужудга келтираётган ҳолатлар бўйича аниқланган фактларнинг танқидий таҳлили натижасида қабул қилинган.

Қарорга асосан мамлакатимизда 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан  тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш имконини берувчи тўлов терминаллари билан жиҳозланмасдан фаолият юритиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тижорат банклари, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ва Ягона умумреспублика процессинг маркази билан ҳамкорликда  10 кун муддатда чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектларининг  тўлов терминаллари билан жиҳозланганлигини  инвентаризациядан ўтказиш, инвентаризация натижаларига кўра қисқа муддатда, керакли миқдордаги  ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатилиши ва уларни заруратга қараб узлуксиз электр қуввати билан таъминловчи техник воситалар билан жиҳозланишини таъминлаш, янги ўрнатилган ҳисоб-китоб терминалларини тадбиркорлик субъектларидан ариза тушган кундан бошлаб уч кундан кўп бўлмаган муддатда рўйхатга олинишини таъминлаш вазифалари юклатилган.

Агарда чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул ёки пластик карточкалар орқали тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш ҳолатларига йўл қўйилса, бу ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузиш деб ҳисобланиб, энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида нақд пул ёки пластик карточкалар орқали тўлов шаклига қараб сунъий равишда нархларни ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналари, ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш, шунингдек, белгиланган тартибдаги талонлар ва харид чеклари берилиши, нақд пул тушумларини тўлиқ ва ўз вақтида инкассация қилиниши юзасидан ўтказиладиган текширувлар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши рухсатномаси асосида ўтказиладиган солиқ текширувлар ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.

Давлат солиқ қўмитасига белгиланган тартибда мазкур масалалар бўйича тадбиркорлик субъектларида, биринчи навбатда савдо комплексларида, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб бориш вазифаси юклатилди. 

Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Марказий банк томонидан ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан амалий фойдаланишларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда  хисоб-китоб терминалларини ижарага бериш ва уларни тадбиркорлик субъектларига реализация қилиш механизмларини қайта кўриб чиқилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига “Ўзбекенерго” компанияси билан биргаликда тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш имконини берувчи хисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланган чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли ва узлуксиз алоқа билан таъминлаш, бунда тоғли ва узоқ ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳуқубузарликларнинг олдини  олиш мақсадида назорат-касса машиналари ва тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш имконини берувчи ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатмасдан фаолият юритганлик учун жавобгарлик чоралари тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда кенг тушунтириш, профилактик тадбирлари ташкил этилади.

Давлат солиқ қўмитаси
Ахборот хизмати