Ўзбекистон Россиянинг эски автомашиналарни йўқотиш дастури доирасида ушбу мамлакатга олиб кирилган ёки ишлаб чиқарилган ҳар бир автомобиль учун бож тўлашни хоҳламаяпти, деб ёзади «Коммерсантъ» нашри. Газета бож тўлови ўрнига Тошкентнинг ташаббуси ҳақида сўз юритган. Ўзбекистон томони, агар Москва йўқотиш дастури божини бекор қилса, ўз машиналарини йўқотиш учун Россияда махсус корхонасини ишга туширади. 

Мазкур ғоя Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Тошкентда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида муҳокама қилинган, деб ёзади газета. Таъкидланишича, томонлар мазкур қувватларни барпо этиш учун ҳудудларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда. 

Шу билан GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқиладиган автомобилларни ҳимоя қилиш режалаштирилган. Айтиш жоизки, қўшма корхона машиналарининг 90 фоиз экспорти Россия бозорига тўғри келади. Аммо, корхонанинг Россиядаги савдо кўрсаткичлари 2012 йилдан буён пасайиб бормоқда. 2016 йилда жами 10 400 дона Ўзбекистонда ишлаб чиқилган автомобиль сотилган. 

«ВТБ Капитал» таҳлилчиси Владимир Беспаловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон автосаноати, асосан, Россия бозорига диққатини қаратган. У бюджет сегментида Россия автомобиллари билан рақобат қилади. Янги усул қабул қилингудек бўлса, бу РФ ишлаб чиқарувчилари позициясини заифлаштиради. Беспаловнинг тахмин қилишича, албатта бу масала, сиёсий келишувлар доирасида ҳал этилади. Бундан ташқари, мабодо шундай келишувга эришилган тақдирда ҳам у Ўзбекистоннинг якка ўзига қўлланилади.