Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов «Бухоро»да  маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлаши борасида чиққан хабарларга изоҳ бериб ўтди.

«Бухоро»да ишлашим ҳақидаги гаплар ҳеч қандай асосга эга эмас. Мен айни вақтда ҳеч бир клубда ишламаяпман ва «Бухоро»га ҳам ҳеч қандай алоқам йўқ. 

«Бухоро»да бош мураббий сифатида Улуғбек Бақоев, ёрдамчи мураббий сифатида эса Бахтиёр Ашурматов ишламоқда. Охирги вақтларда менга тинимсиз қўнғироқлар бўлиб, одамлар «Бухоро»да иш бошлаганим билан табриклашяпти. Аммо аслини олганда, мен ҳеч қаерда ишламаяпман.

Бухоро шаҳрига борганим рост. Лекин у ерга «Бухоро» билан шартнома имзолаш учун бормагандим. Шунчаки, клубдан таклиф бўлди, мен эса раҳбарият билан гаплашиб олиш учун бордим. Қолаверса, таклифни қабул қила олмаслигим аввалдан маълум эди, чунки бухороликлар ваъда қилган шарт-шароитлар менинг режаларимга тўғри келмади.

Улуғбек Бақоев номзодини мен тавсия қилганим тўғри. Шахсан ўзим Бақоевни иқтидорли футболчи деб биламан ва унинг номзодини клуб мутасаддиларига тавсия қилдим.  Улуғбек фаолияти давомида бир қатор кучли мураббийлар қўл остида тажриба тўплади. Боз устига маҳаллий шароитдан ҳам яхши бохабар. Бу эса «Бухоро»га қўл келиши мумкин», дея Абрамовнинг сўзларини келтириб ўтди «Интерфутбол».