Барселонада 160 минг киши иштирокида муҳожирларни қўллаб-қувватлаган митинг ўтказилди. Бу Европадаги шундай акциялардан энг йириги бўлди. Одамларни кўчаларга чиқишга Каталония пойтахти мэри Ада Колау даъват қилганди.

France 24 телеканали хабар қилишича, намойишчиларнинг қўлларида "Биз одамларга бошпана берилишини истаймиз" ва "Ўзни оқлашлар етар, уларни қўйиб юборинг" каби шиорлар ёзилган плакатлар бор эди. Улар Испания ҳукуматига камида 16 минг қочқинни қабул қилиш талаби билан юзланган.

Намойишчилар Ўрта Ер денгизи қирғоғигача юриб боришган. Бу ерда ўтган йили денгизни кечиб ўтишга уриниш чоғида ҳалок бўлган 5 мингдан ортиқ қочқин хотирасига ёдгорлик ўрнатилган.