Буюк Британия Вазирлар Маҳкамасидаги ўз номи сир қолишини истаган манба маълум қилдики, Россия Черногорияда давлат тўнтариши амалга оширишга уринган. Бу ҳақда The Telegraph хабар тарқатди.

Нашрнинг қайд этишича, мамлакатнинг амалдаги бош вазири Мило Жукановичга россияликлар разведка хизмати томонидан суиқасд тайёрланган. Россия махсус хизматлари ҳукумат раҳбарини кузатишгани ва серб миллатчиларидан иборат гуруҳни суиқасд учун тайёрлагани айтилган.

Хабар қилинишича, бундан мақсад ушбу мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қилиш эди.

Черногория Мудофаа вазири Предраг Бошкович давлат тўнтариши тайёрлаш ва уни молиялаштиришга «Россия разведкаси алоқадорлигига ҳеч қандай шубҳаси йўқлиги»ни маълум қилган. Лекин на у, на газета бунга далил келтирган.

The Telegraph хабарида ёзилишича, Черногорияда амалга ошмай қолган давлат тўнтариши масаласи АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳамда Буюк Британия ТИВ раҳбари Борис Жонсоннинг биринчи учрашуви вақтида муҳокама қилинган.

Мило Жуканович

16 январь куни Черногория ҳукумати Жукановичга Россия фуқароси Эдуард Широков томонидан суиқасд уюштирилишига ҳаракат бўлганидан гумон қилди. Шу билан бирга Черногория Россияга бу борада ҳеч қандай айблов билдирмади.

Ўтган йилнинг 27 октябрида Сербиядаги Danas газетаси бир неча россиялик террорчилик актига тайёргарлик кўрганликда айбланиб, мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида ёзганди. 28 октябрь куни «Коммерсантъ» нашри ёздики, вазиятга БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Россия вакили Николай Патрушев аралашиб, Сербия ва Россия муносабатларида можаро юзага келмаслигини таъминлаган.

Кейинчалик Сербия ҳукумати бу маълумотларни инкор этиб чиқди ва мамлакатдан ҳеч ким чиқариб юборилмагани, Патрушевнинг Сербияга келиши эса аввалдан режада бўлгани ҳақида гапирди.

2016 йил 16 октябрида Черногорияда теракт содир этишда айбланган 20 нафар сербиялик қўлга олинганди. Тергов талқинига кўра, улар мухолифат митингини ўққа тутиб, кейин унинг иштирокчилари парламентни эгаллаши ва бош вазир Мило Жукановични асирга олишини мўлжаллаганди.