2017 йил 16 апрелда Туркияда конституциявий референдум ўтказилади ва бу кун мамлакатнинг қайта тикланиши куни бўлади, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазиантеп вилоятида бир қатор объектлар очилиши вақтида.

Унинг айтишича, Туркия фуқаролари референдумда уларнинг имкониятларига ишонмаганларга сабоқ бериб, ўз истакларини билдирадилар.

"Конституцияга президент бошқаруви шакли киритилаётгани билан боғлиқ ўзгаришлар киритилишига қарши чиқаётган нодонлар бир ёлғонни такрор-такрор қайтармоқдалар", деб айтди Эрдўған. 

Туркияда 55 млн 336 минг 960 нафар сайловчи қайд этилган бўлиб, улар учун бу куни 164 минг сайлов участкаси хизмат кўрсатади.

Хорижда яна 2 млн дан кўпроқ сайловчи бор, улар Туркиянинг 57 та давлатдаги 119 та дипломатик ваколатхоналарида ёки мамлакатнинг 32 та назорат-ўтказиш пунктларида овоз беришлари мумкин бўлади.

Хорижда референдум бўйича овоз бериш 27 март-9 апрель кунлари, назорат-ўтказиш пунктларида эса 27 март-16 апрель кунлари бўлиб ўтади.

Туркия конституциясига қуйидаги ўзгаришларни киритиш таклиф қилинмоқда:

- депутатлар сонини 550 дан 600 нафаргача ошириш. Қайта сайланишлар амалиёти бекор қилинади, "захира" депутатлар тизими киритилади;

- давлат раҳбари этиб сайланган шахс партия сафини тарк этади;

- давлат раҳбари лавозимига номзодни қўйиш учун 100 минг сайловчининг имзоси талаб этилади;

- президент давлат тизими раҳбари бўлади. Президент вице-президент, вазирлар ва юқори мансабдор шахсларни тайинлаш ваколатига эга бўлади;

- қайта сайловлар ўтказиш қарорини ҳам парламент, ҳам президент қабул қила олади;

- қонунчилик ва ижрочи ҳокимият органларига сайловлар бир кунда ўтказилади;

- мамлакатда фавқулодда вазият тартибини президент эълон қила олади. Президентнинг фавқулодда вазият тартиби бўйича қарорини парламент тасдиқлайди.