Непал Олий суди ҳукуматга агар полиция ёки ҳокимиятнинг қолган идоралари жиноий ишларни тергов қилиш мақсадида телефон суҳбатлари ёки смс-хабарларни қўлга киритишни истасалар, унда уларга округ судидан тегишли рухсат олиш мажбуриятини қўйди.  

Журналистлар Олий суд судьяси Ран Баҳодур Бэмнинг 5 йил аввал содир этилган қотиллиги тергови давомида Непал полицияси 500 мингга яқин телефон қўнғироқлари ва 30 мингга яқин смс-хабарлар ҳақида батафсил маълумот олганини аниқлашган. 

Адвокатлар ва журналист Таранат Дахал полиция иш услублари оммага ошкор бўлгандан кейин Олий судга даъво аризаси топширишган. Жавоб берувчилар мамлакат бош вазири ва вазирлар кенгаши, ички ишлар вазирлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар вазирлиги, Непал полицияси, Непалнинг алоқа соҳасида назорат хизмати,  Непал Telecom, Ncell ва United Telecom Limited компаниялари бўлган. 

Даъво берувчилар шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи мамлакат конституциясида бириктирилган энг асосий инсон ҳуқуқларидан бири эканлиги ва ҳукумат ёки бошқа бир томон бирор шахс ҳақидаги шахсий маълумотларни унинг розилигисиз ишлатиши ёки ошкор қилмаслиги лозимлигини таъкидлашган. 

Непал Олий суди даъво берувчилар томонига ён босди. Суд ҳукмида барча шахсларнинг шахсий ҳаётга дахлсизлиги конституция томонидан кафолатланиши айтилган. Давлат идоралари эса бирор одамнинг телефон қўнғироқлари ёки хабарларини қўлга киритмоқчи бўлса, округ судидан тегишли рухсат олишлари керак бўлади.

Ҳукмда айтилишича, туман суди рухсатисиз бирор одам телефон қўнғироқлари ва хабарлари ҳақида ахборотни қидириш мумкин эмас. Олий суд ҳукуматга шу ҳолат бўйича тегишли чоралар кўриш вазифасини топширди.