Бу йил Siemens 170 ёшга тўлади. Siemens ўз фаолияти давомида дунёга кўп технологик буюмларни тақдим этди - трамвай ва троллейбуслардан бошлаб то энергетика, алоқа ва тиббиёт соҳасидаги ишланмаларгача. Концерн асосчиси Вернер фон Сименс одатда Готлиб Даймлер, Карл Бенц ва бошқа буюк немис ва жаҳон ихтирочилари билан бир қаторда тилга олинади.

Вернер фон Сименс. Siemens & Halske'нинг яратилиши

Вернер фон Сименс 1816 йилда Пруссияда, Ҳанновер яқинидаги шаҳарчада дунёга келган. Унинг отаси қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган ва аксарият тарихчиларнинг фикрича, у бу соҳада муваффақиятларга эришмаган. Бўлғуси ишбилармон уйда таълим олган, сўнгра Любекдаги гимназияни аъло баҳоларга тугаллаган. Ўқиш даврида Сименс аниқ фанларга кўп вақт ажратган. Шундан кейин Берлинга қараб йўл олган ва бу ерда қироллик гвардияси артиллериясига киришга ҳаракат қилган.

Уни қабул қилишмади, лекин Магдебургдаги артиллерия бригадасига қўшилиш таклифини беришди. У ерда ҳатто ишга жойлашишга улгуриб, муҳандислик-артиллерия ўқув муассасасига ўқишга йўлланди. Ўқишни тугатганидан кейин Сименс лейтенант унвонини олди.

1839 ва 1840 йилларда унинг ота-онаси кетма-кет ҳаётдан кўз юмди. Вернер оилада тўнғич ўғил бўлгани учун 10 нафар ука ва сингилларига ғамхўрлик қилиш унинг зиммасига тушди. Сименс лейтенантнинг маоши катта оилани таъминлашга етмаслигини яхши тушунган. Баъзи ука ва сингилларини қариндошларига тақсимлаб чиққан. Шундай бўлса-да, у барча "жигар"ларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. Қобилиятли муҳандис сифатида у ўз кўникмаларининг  қўшимча даромад олиб келишига ишонган.

1842 йилда у биринчи ихтироси – гальваник олтин ва кумуш билан қоплаш усулини патентлаган. Вернернинг укаси – Вильгельм уни Британияда ҳам патентлаган, кейин эса ўша ерда харидор топиб, 1500 фунт ишлаб олган. Бу кашфиёт Сименсга ўз молиявий аҳволини мустаҳкамлашга имкон берган. Яна шундай маълумотлар борки, Сименс ихтироларининг бир қисми унинг қамоқдаги даврига тўғри келган. У дуэльда секундант сифатида иштирок этгани учун қамоқ жазосини ўтаган.

1847 йилда Сименснинг навбатдаги ихтироси – кўрсаткичли телеграф қурилмаси намойиш этилган. Мазкур ишланма давлат миқёсидаги танловда ғолиб бўлган ва телеграф тармоғида фойдаланиш учун қўл келган. Сименснинг телеграфи нафақат ҳукумат ва ҳарбийларни, балки муҳандис Иоганн Георгни ҳам қизиқтириб қўйган, у кейинчалик Вернернинг бизнес-ҳамкорига айланади.

Маълумотларга кўра, Сименс укаси Вильгельмга мактуб йўллаб, унда бундан кейин телеграф билан шуғулланишга қарор қилгани ҳақида хабар берган. 1847 йилда Сименс ва Гальске ҳамкорликда Telegraphen-Bauanstalt Siemens & Halske компаниясини ташкил қилишган. Унинг асосий мақсади электротелеграфия бўлган.

Компаниянинг хизмат доираси аста-секинлик билан кенгайиб, бошқа соҳалар, жумладан механика ва оптикани ҳам қамраб олган. Сименс ҳаммуассис ва ҳамкор бўлишига қарамай, расман компанияда фаолият юритмаган, у ҳарбий хизматни давом эттирган. У устахона яқинида яшаган ва бўш вақтида ўша ерда сидқидилдан меҳнат қилган.

Корхонанинг бошланғич капитали (6842 талер) Вернернинг жияни томонидан таъминланган ва унга даромаднинг 20 фоизи ажратилган. Telegraphen-Bauanstalt Siemens & Halske’нинг илк глобал ютуғи – Берлин ва Франкфурт ўртасида телеграф линиясининг яратилиши бўлган. Бу муҳим ҳодиса 1849 йилда рўй берган. Шу йили Сименс 15 йил фаолият юритган соҳаси - ҳарбий хизматни тарк этган. Бунга кун сайин унга эҳтиёжи ортиб бораётган компания сабаб бўлган.

1850 йилда Siemens & Halske’да муаммолар юзага кела бошлади. Етарлича изоляция қилинмаган телеграф линиялар ишончсизлигини намоён қила бошлади. Сименс буни олдиндан тахмин қилганди ва муаммонинг ечимини топишга киришди, муваффақият унга рақиблардан ўзиб кетиш имконини берарди.

Бироқ Сименснинг тўғри ғоялари Пруссия ҳукумати томонидан тасдиқланмади. 50-йиллар бошида бу мамлакатда телеграф тармоғи деярли қуриб битказилган, шунингдек Фридрих Ноттенбом раҳбарлиги остидаги телеграф идораси ҳам пайдо бўлганди. У техника соҳасида тажрибали бўлган, Фридрих ер ости телеграф линияларида юзага келаётган носозликларни бартараф қилишга қарши бўлмаган.

Сименс унга вазият ва унинг келиб чиқиш сабаблари бўйича ҳисобот билан мурожаат қилган. Собиқ ҳарбий муҳандис ва олим, афтидан, ўз фикрини ҳаддан ташқари тўғри етказган, бу эса амалдорлар билан мулоқотда ижобий стратегия ҳисобланмайди. Сименс деярли барча муаммоларда линияларни ўрнатишдаги тежамкорликни айблаган.

Ноттенбом бу ғояни қўллаб-қувватламаган ва ҳисоботдан ўзига хос хулоса чиқарган. У Сименсга нисбатан ёвларча муносабатда бўлган, шу боис у Siemens & Halske’ни давлат буюртмаларидан маҳрум қилиш учун ўз мавқеидан фойдаланган. Телеграф идора раҳбари учун бу қийин бўлмаган.

Шундай қилиб, Сименснинг компанияси оғир аҳволда қолган ва маълум муддат ҳатто инқироз ёқасида бўлган. Бундай вазиятда омон қолиш учун бошқа соҳаларга эътибор қаратишга ва глобал интеграцияни бошлашга тўғри келди. Фирма темир йўлларга сигналли электр жиҳозларини етказиб бера бошлади. Яна бир соҳа турбина ҳисоблагичлари бўлган. Уларни Буюк Британия буюртма қилган.

Манбаларнинг аксарияти компаниянинг Россия билан тузган шартномалар туфайли омон қолганини таъкидлайди. 1851 йилда компания у ерга 75 та телеграф қурилмасини етказиб берди. У пайтлар мамлакатда фақат биргина телеграф линияси (Санкт-Петербург ва Москва ўртасида) бўлган. Сименсга бу бозор истиқболли бўлиб кўринган ва у Россияга қараб йўл олган ҳамда буюртмалар олган. Шундан сўнг у укаси Карлни Россиядаги савдо вакили этиб тайинлаган.

1853 йилда компания бутун Россия империяси орқали ўтувчи улкан телеграф тармоғи қурилишини бошлаб юборган. Унинг узунлиги 10 минг километрни ташкил қилган. Барчаси олий даражада бажарилган. Охир-оқибат ишнинг юқори сифати Siemens & Halske’ни кўпгина муаммолардан ҳимоя қилган ва Россия телеграф тармоғининг Европадаги энг яхши тармоқ деб аталишига имкон берган. Сименс Россия билангина чегараланиб қолмаган, у бошқа мамлакатлардан ҳам буюртмалар ола бошлаган, жумладан Швециядан. Хорижаги муваффақият компанияга 1857-1858 йиллардаги Европа инқирозидан осонликча ўтишга имкон берган.

Вернер Сименс ихтирочилик фаолиятини давом эттирган. 50-йиллар давомида линиядаги носозликни бартараф қилувчи махсус ускуна, симдан кўп марта фойдаланиш усули у томонидан кашф қилинган.

60-йиллар бошида Siemens сув ости телеграф кабелларини очиқ денгиз орқали ўтказишда иштирок этган. 1850-йиллар охиридаги илк уриниш муваффақиятли бўлган, компания шу тариқа Кальяри ва Бонни боғлашга муваффақ бўлган. 1864 йилда эса Siemens & Halske Картахен ва Оран ўртасида сув ости телеграф кабелини ўтказишга буюртма олган.

Бу сафар омад ишбилармондан юз ўгирди ва уч уриниш туназзул билан якунланди. Шундай бўлса-да, баъзи манбалар Сименснинг охир-оқибат ўз мақсадига эришганини таъкидлайди, бошқалари эса – бунинг аксини. Ҳар ҳолда компания у ерда ўз нуфузига путур етказган катта қийинчиликларга дуч келди.

1867 йилда Гальске компаниядан кетди. Бунга бир неча сабаб бор эди – у Siemens & Halske’нинг Оран ва Картахен ўртасидаги телеграф линиясини ўтказиш жараёнидаги таваккалини ёқламаган, шу билан бирга Сименсларнинг компанияни ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватламаган. 

Шу даврда Сименс ўзининг энг муҳим кашфиётларидан бири – 1867 йилда намойиш этилган динамо-машинани ишлаб чиқариш билан банд бўлган. Мазкур ишланма ихтиросига 12 йил сарфланган, бу биринчи электр генератор бўлган – унинг технология тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёс. Хусусан, у шахта электровентеляторлари, электр болғачалар ва бошқаларни ишлаб чиқаришга имкон берган.

Ҳинд-Европа телеграфи. Рақобатнинг кучайиши

1868 йилда компаниянинг эрта тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири – Ҳинд-Европа телеграф линиясининг қурилиши бошланган. Бу линияни баъзан Лондон-Калькутта деб ҳам аташади. Сименс мутлақо янги тизимни жорий қилиш истагида махсус телеграф қурилмасини ишлаб чиққан.

1868 йилда Англияда Ҳинд-Европа телеграф компанияси қайд қилинган. Унинг устав капитали 450 минг фунтни ташкил қилган. Қурилишга икки йил сарфланди ва унинг линияси Германия, Россия империяси ва Персиядан ўтган.

Мазкур линия бўйлаб ҳаракатланиш учун атиги 28 дақиқа кетарди. Ўша пайтлар бу фантастикадек туюлар эди. Ҳинд-Европа телеграфи 1931 йилгача эксплуатацияда бўлган. 1871 йилда Қора денгиз қирғоғидаги зилзила натижасида бу линияга зиён етди ва у вақтинчалик ишдан чиқди.

1871 йилда Сименсга яна сув ости кабелини ўтказишни таклиф қилишди. Бу таклиф Трансатлантика телеграф линияси ҳақида орзу қилган энг йирик немис банкирларидан бири томонидан берилган. Сименс лойиҳага киришишга тайёр эди, бироқ миссия муваффақиятига бироз шубҳа қилган. Шу тариқа лойиҳа амалга ошмай қолган.

Ака-ука Сименслар Трансатлантика телеграф линиясига ишончли буюртмачи топишга ҳаракат қилишган. Рақобатчиларнинг кўплиги туфайли бу иш жуда қийин кечган. Баъзан иш туҳматларгача бориб етган. Натижада 1873 йилда Сименслар Ирландия ва АҚШ ўртасида телеграф линиясини ўтказишга доир шартномани қўлга киритишган.

1874 йилда CS Faradey кема-кабель ўтказувчиси сувга туширилган. Унинг эгаси Siemens компанияси бўлган, инновацион технологияларнинг бир қисмини эса шахсан Вернер Сименснинг ўзи ишлаб чиққан.

Ирландия ва АҚШ ўртасида кабель ўтказишда бир қатор қийинчиликларга дуч келинган. У пайтлар CS Faradey’да Карл Сименс бўлган. У тўсиқлар олдида бош эгмай, муаммонинг ечимини излашда давом этган ва ниҳоят, уриниш муваффақиятли якунланган. Келгусида Сименс Европа ва АҚШ ўртасидаги телеграф линияси учун мукаммал кабель яратишга муваффақ бўлади.

Рақиблар Siemens фаолиятига кўп марта тўсқинлик қилишга уринишади. 1874 йилда матбуотда CS Faradey’нинг айсбергга урилиб, чўкиб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу Вернер Сименс учун катта синов бўлди. Шу куни у Фанлар Академияси сафига киритилиши муносабати билан омма олдида чиқиш қилди. Siemens’нинг баъзи рақиблари ҳатто компания томонидан ўтказилган кабелларни узиб ҳам  кетишган. Бироқ компания барча синовлардан муносиб ўтишнинг уддасидан чиққан ва натижада яна камида беш трансатлантик линия ўтказилган.

1877 йилда Германияга яна бир машҳур кашфиёт – Беллнинг кўп функцияли телеграфи ёки бошқача айтганда, илк телефонлардан бири етиб келган. Siemens почта бўлими топшириғига кўра, уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Вернер Сименс унинг нафақат машҳур ўйинчоқ, балки бутун бир соҳа келажаги эканини англаб етгунга қадар бунга жиддий ёндашмаган. Сўнгра у бу соҳада бир неча шахсий ишланмаларини яратган ва улар билан савдо қила бошлаган.

70-йиллар охири ва 80-йиллар бошида Сименс нафақат ўз ватани, балки бутун дунёда тан олинди. Айниқса, 1879 йилги Берлиндаги кўргазма бунинг яққол далилидир. Айнан шу тадбирда Сименс ўзининг илк электрик темир йўлини намойиш қилган. Умуман олганда, бу бир неча вагонли электр локомотивлар бўлган, ишбилармон уларни ер остида қўллашни режалаштирган. Жуда кўп одамлар унда учиш истагини билдиришди. 1880 йилда у биринчи электрик кўтариш мосламасини намойиш қилди. Бир йилдан кейин Siemens Берлиндаги биринчи трамвайни ишга туширди.

1882 йилда Вернер Сименс Берлин метросини яратишга бўлган биринчи уринишини амалга оширди. Унда троллейбусларнинг синов версиялари қўлланган. Сименснинг муваффақиятларига қарамай, лойиҳа бироз кечроқ унинг ўғли Вильгельм томонидан амалга оширилади. 80-йилларда компания яна бир йирик лойиҳа- Қишки саройни ёритиш тизимини ишга туширди.

1880-йилларда Вернер Сименс компания раҳбарлигидан аста-секин узоқлаша бошлади. Бу вақтга қадар у DEG компанияси билан шартнома имзолашга улгурганди, унинг глобал мақсади – бутун Германия бўйлаб электрик ёритиш тизимини тадбиқ этиш бўлган. Шартномага кўра, DEG компанияси Siemens патентлари бўйича ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган, бунинг эвазига эса жиҳоз ва материалларни Сименснинг компаниясидан харид қилган.

Кейинчалик DEG раҳбари Ратенау шартномани бузиб, ўзига бошқа етказиб берувчи топади. Сименс шартномани бекор қилади. DEG қайта номланиб, AEG деб юритила бошланади. Бунга қадар Siemens Германиянинг энергетика бозоридаги ягона компания ҳисобланарди. Энди эса рақиблар сони орта бошлади.

1888 йилда Сименсга дворянлик унвони берилади ва энди уни фон Сименс деб чақира бошлашди.

1889 йилда Сименс фирма раҳбарлигини тарк этди. Раҳбарият тепасига унинг ўғиллари – Вильгельм ва Арнольд келди. Директор эса унинг Санкт-Петербургдаги укаси Карл ҳисобланарди. Вернер фон Сименснинг кетишидан аввал унинг компаниясида 5 мингдан зиёд ишчи хизмат қиларди, 3 филиал фаолият кўрсатарди – Россия, Австрия ва Англияда. Вернер фон Сименс 1892 йилда ҳаётдан кўз юмди, у ўлимидан аввал шахсий мемуарларини чоп этишга улгурди.

Компаниянинг қайта қурилиши. Siemens XX асрнинг биринчи ярмида

Бу вақтга келиб Siemens’нинг ишлари юришмаётган эди. AEG’дан ташқари, рақиблар қаторида яна бир неча йирик компаниялар бор эди. Масалан, Shukert&Co нюрнберг компанияси 90-йиллар давомида Siemens ва AEG’ни қўшганда улардан кўп марказий станциялар қурган. Телекоммуникация соҳасида ҳам рақиблар кучли эди – телефон сотувларини муваффақиятли амалга оширган AT&T ва Western Electric.

Карл бизнесни қайта қуришга киришди. 1890-йилларда Карл Сименс раҳбариятга кўпроқ эътибор бера бошлаган. Хусусан, у бу даврда компанияни масъулияти чекланган акционерлик жамиятига айлантирди. Қайта ташкиллаштириш ишлари 1897 йилда тўлиқ ниҳоясига етди. Siemens & Halske’нинг устав капитали 28 миллион маркани ташкил қилди. Бундан аввал банкдан кредит олмаган Сименслар ташқаридан капитал жалб қилишга киришди.

1903 йилда AEG билан ҳамкорликда Telefunken Gesellschaft für drahtlose Telegraphie номини олган корхонани ташкил қилди. Қўшма корхона тузилишига сабаб – уларнинг аввалги қўшма лойиҳаларига бўлган ҳуқуқни бўлиша олмаслигида бўлган. Бунга бардош бермаган биринчи инсон – Германия императори Вильгельм II бўлди. У баҳс-мунозалардан чарчаб, уларни қўшма корхона тузишга мажбур қилган. Шу тариқа радио ва телетехниканинг афсонавий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Telefunken пайдо бўлди.

Шу йили Siemens ўз рақибларидан бири бўлган Shukert&Co. компаниясини қўлга киритган. Унинг аксарият қисми Сименсларга қарашли бўлган бўлса-да, у Siemens & Halske’нинг бир қисмига айланмаган ва деярли мустақил фаолият юритган. У Siemens-Schuckertwerke номини олиб, келажакда турли техника, электроника ва ускуналарни ишлаб чиқариш орқали ном қозонади.

1908 йилда унга Protos Automobile авто ишлаб чиқарувчиси ҳам қўшилди. Бироқ бу йўналиш муваффақияти одатда юқори баҳоланмайди. Бунинг ажабланарли ери йўқ – Германияда автомобиль бозорида рақобат жуда катта бўлган. 20-йилларда компания бу бозордан кетади. Охир-оқибат Protos электроника ва маиший техника, шунингдек музлатгич, чангютгич ва печлар ишлаб чиқарувчиси сифатида танилади.

1911 йилда Siemens-Shuсkert-I дирижабли пайдо бўлди. Бунга қадар компания самолёт ишлаб чиқариш билан шуғулланган, бироқ бу соҳада катта муваффақият қозонмаган.

Уруш давомида Siemens-Shuсkert самолётларни муваффақиятли ишлаб чиқарган. Уларнинг орасида 1918 йилда ишлаб чиқарилган Siemens-Schuckert R. VIII’ни қайд этиш мумкин. Унинг асосий хусусияти шундан иборат эдики, у Биринчи жаҳон уруши даврида қурилган энг йирик самолёт ҳисобланган.

1906 йилда Карл фон Сименс вафот этган ва раҳбарлик тўлиқ Вернер фон Сименснинг ўғилларига ўтган. Айнан улар компанияни Биринчи жаҳон урушидан эсон-омон олиб чиқишади.

Уруш даврида Siemens & Halske ўзи ўрганган соҳаларни тарк этишига тўғри келган, зеро бундай маҳсулотларга бўлган талаб кескин пасайган. Компания портловчи моддалар ва авиамоторлар ишлаб чиқаришга диққатни қаратган. Siemens & Halske’нинг асосий ютуқларидан бири немис крейсерлари учун ўт ўчирувчи тизимнинг яратилиши бўлган.

Агар глобал миқёсда баҳолайдиган бўлсак, Биринчи жаҳон уруши компания учун оғир давр бўлган. 1917 йилда большевиклар компаниянинг Россиядаги мол-мулкини мусодара қилган. Унинг умумий баҳоси 50 миллион рублни ташкил қилган. Шунингдек компаниянинг Британиядаги филиали ҳам йўқотилган. Урушдан кейин у Сименсларга қайтарилмади.

1918 йилда Арнольд фон Сименс ҳаётдан кўз юмди. Вильгельм ўз акасидан бир йил кейин вафот этди. Шу муносабат билан компаниянинг янги раҳбари Карл Фридрих фон Сименс (Карлнинг ўғли) бўлган. Унинг мақсади – компанияни урушдан кейин қайта оёққа турғизиш бўлган. У оилавий империя қолдиқларидан кўп соҳали конгломерат яратишни бошлади.

1920-йиллар бошида компания радиоприёмниклар ва чангютгичлар бозорига муваффақиятли чиқа бошлайди. Яна бир муҳим инновация конвейр ишлаб чиқаришни жорий қилиш бўлган.

1923 йилда компания Япония бозорига кириб борди. Тез орада Токиода Furukawa Denki Kōgyō билан қўшма корхона ҳисобланган Fusi Denk филиали пайдо бўлди. У электрик жиҳозларни ишлаб чиқариш билан шуғулланган.

Siemens аввалгидек турли йўналишларда фаолият юритган. AEG билан ҳамкорликда овозли кинони ривожлантириш билан шуғулланган Klangfilm компанияси ишга туширилган.

1925 йилда Siemens тиббий жиҳозлар бозорига кириб боради. У Reiniger, Gebbert & Schall билан бирга шу соҳадаги йирик ишлаб чиқарувчи — Siemens-Reiniger’ни яратади. Унинг энг асосий йўналишларидан бири рентгент ускуналар бўлган.

Бундан ташқари, компания йўл ҳаракатини бошқариш тизимини ишлаб чиқарган. Siemens шунингдек ГЭС қурилиши билан шуғулланган, масалан, Шаннон ва Ирландияда.

1940 йилда у истеъфога чиқади ва Герма фон Сименс (Арнольднинг ўғли) компаниянинг янги раҳбари бўлади. У шунингдек Deutsche Bank раҳбари ҳам бўлган.

1944 йилга келиб, Siemens’да 50 мингга яқин ишчи меҳнат қилган.

Компания маҳсулотларига келадиган бўлсак, самолётларни аниқлаш бўйича инновацион тизим ҳамда V-1 ва V-2 ракеталари ишлаб чиқарилган.

Давлатнинг ёрдами ва йирик шартномаларга қарамай, Иккинчи жаҳон уруши компания тарихидаги омадли давр ҳисобланмайди. Уруш охирида Siemens бомбардимон ва ҳарбий ҳаракатлардан анча жабр кўрди. Штаб-квартира ва омон қолган заводларда фаолият вақтинчалик тўхтатилган.

Герман фон Сименс ҳибсга олинган. У ҳам кўплаб немис ишбилармонлари қаторида нацистлар билан ҳамкорлик қилишда айбланган. Унинг айби ўз исботини топмайди.

Siemens 5070-йилларда. Инновациялар ва қўшма корхоналар

1948 йилда Герман фон Сименс раҳбариятга қайтди. Оилавий империя яна оғир авҳолда қолди – жиҳозларининг аксарият қисми олиб чиқиб кетилган, патент ҳуқуқлари йўқотилган, заводлар вайронага айланган, малакали ишчилар етишмаган.

Оилавий бизнесни қайта қуришга киришган Герман деярли янги компанияни барпо қилган. 50-йилларнинг бошида компания ўз соҳалари бўйича фаолият юрита бошлади – ёритиш, электроника, тиббий жиҳозлар, алоқа. Бундан ташқари, компания ҳисобловчи машиналар ва ядровий энергетика бозорига қўшилади.

Тез орада Siemens электрон микроскопи яратилади. 1956 йилда Герман фон Сименс бизнесни Карл фон Сименснинг ўғли Эрнстга топширади.

Компаниянинг тиббий ускуналарни ишлаб чиқарувчи бўлими 1965 йилда Vidoson – дунёда биринчи ультратовуш сканер қурилмасини намойиш этди.

Яна бир муҳим ютуқ космик соҳага тўғри келади. Siemens’да ишлаб чиқарилган триодлар Mariner IV узатувчиларида қўлланган. Американинг бу космик аппарати бошқа сайёрани яқин масофадан суратга олишга муваффақ бўлган биринчи қурилмадир. У Марсни суратга олган.

Компания шунингдек Германия бўйлаб тезюрар поездларни етказиб берган ва АЭС қурилиши билан шуғулланган. Улардан бири Аргентинада қурилган. Бундан ташқари, компания дунёнинг турли мамлакатларида бир неча АЭС қурган.

1969 йилда компания активлари олти йўналишга ажратилган – компонентларни ишлаб чиқариш, телекоммуникация, тиббий техника, маълумотларни қайта ишлаш, энергетик машина қурилиши ва электр жиҳозлаш. 1969 йилда концерн сотувлари ҳажми 10 миллиард маркани ташкил қилган.

1971 йилда Эрнст фон Сименс компания раҳбари лавозимини тарк этди. У бу вазифани жияни Питерга топширди. Одатда 70-йиллар Siemens учун жуда омадли йил ҳисобланади, чунки бу вақтга келиб, молиявий кўрсаткичлар ошган, Siemens эса ўз кўламини янада кенгайтирган.

Siemens барча соҳаларда муваффақиятли фаолият олиб борган. Масалан, у ЭҲМнинг ГФРдаги бозорининг 21 фоизини қамраб олган. Бу ўз улушини йўқотаётганини сезган IBM’ни ташвишга солган.

70-йилларда компания альтернатив энергетика (жумладан қуёш энергияси) соҳасида тадқиқотлар ўтказа бошлади. Siemens бу билангина чекланмади, у иссиқлик станцияларига ҳам эътибор қаратди. Компания тадқиқотлари самара ва экологияни яхшилашга қаратилганди.

Siemens 80−90-йилларда. Уяли телефонлар бозорига кириш

80-йилларда компания номи янада машҳур бўлиб кетди, бунга унинг уяли телефонларни ишлаб чиқара бошлагани сабаб бўлди. 1985 йилда Siemens Mobile бўлими ишга тушди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Siemens компаниясининг биринчи қурилмаси Mobiltelefon C1 пайдо бўлди. Унинг оғирлиги деярли 9 килограмм бўлган ва автомобилларда ўрнатишга мўлжалланган. 1987 йилда яна бир модель - Siemens Mobiltelefon C2 қурилмасини ишлаб чиқарди. Бу телефон деярли 7 килограмм бўлган ва аввалги моделнинг яхшиланган версияси бўлган.

80-йиллар бошида Питер Сименс ўз лавозимини тарк этди ва биринчи марта компания бошқаруви оила аъзолари эмас, оддий ходим Бернард Плетнерга топширилган. Унинг ёши 67да бўлган, шунга қарамай, у фаол ишлаган ва компания фаолиятидан яхши хабардор бўлган. У бир неча ўн йиллар компанияни бошқарган.

Плетнер раис лавозимини эгаллагач, бош директор лавозимига Карлхайнц Каске тайинланган. Сименслар оиласи компания бошқарувидан кетган бўлган бўлса-да, улар концерннинг энг йирик акционерлигича қолмоқда.

1983-1988 йилларда ишлаб чиқариш, тадқиқот ва компаниялар сотувига 24 миллиард доллар сарфланган.

80-йиллар давомида компания нафақат тадқиқот ва ихтиролар қилди, балки турли лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширди. 1980 йилда EWSD рақамли коммутацион технология қўллана бошланди.

90-йиллар бошида Siemens раҳбариятида яна ўзгаришлар кузатилди. Бош директор ўзгарди. Бу лавозимни Генрих фон Пирер эгаллади. Бунга Европадаги инқироз сабаб бўлди. Янги бош директор дарҳол концернни ривожлантиришнинг ўзига хос курсини таклиф қилди.

1997 йилда ICE-2, 2000 йилда ICE-3 поездлари пайдо бўлди. Шундан кейинги электр поездлари Siemens Velaro номи остида ишлаб чиқарила бошлайди. Компания ўз поездлари билан нафақат Европада, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам савдо қилади.

90-йилларда поездлардан ташқари компания телефонлари ҳам тараққий топди. 80-йилларда бошланган қурилмалар қатори давом эттирилиб, 2,5 килограммли С-3 модели ишлаб чиқилди. Кейин эса GSM стандартини қўлловчи биринчи қурилма - С-4 намойиш этилди. 1993 йилда зарядсиз узоқ ишлай олиши билан танилган S-1 қурилмаси пайдо бўлди.

1997 йилда S-10 —рангли экранли илк уяли телефон ишлаб чиқарилди.

90-йилларнинг иккинчи ярмида Европа бозори рецессияда бўлган. Боз устига Осиё инқирози ҳам қўшилган. Натижада 1996-1998 йилларда Siemens даромади кескин қисқарган. 1998 йилда Пирер компаниянинг ҳаддан зиёд кўп соҳаларда фаолият юритганини тан олади.

Шундан сўнг компания тўрт йўналишга диққатни қаратди: электр энергияси, саноат, темир йўл тизими ва ахборот.

Siemens XXI асрда. Коррупцион жанжал ва бюрократия билан кураш

2000-йиллар бошида компания глобализацияга йўналтирилган сиёсатини давом эттирди. У Mannesmann AG концернининг Vodafone хариди ҳақидаги битими эвазига кенгайди.

Шунингдек компания кераксиз активлардан халос бўла бошлади. 2000-йиллар бошида уларга ядро энергетикаси билан шуғулланувчи йўналиш ҳам қўшилди. Siemens унинг 35 фоиз акциясига эгалик қила бошлади. Буларнинг барчаси олдиндаги икки можаро фонида йўққа чиқади.

Биринчиси 2002 йилда, Financial Times ва бир неча бошқа манбалар компаниянинг Ироққа етказиб бераётган буйраклардаги тошларни майдаловчи ускуна компонентларидан ядровий қурол ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида хабар берган. Бу хабар жамоатчилик орасида катта муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлган. Компаниянинг айби Ироқда ядровий қуролни топа олмаган америкаликларнинг ўзи томонидан рад этилган.

Кейинги можаро 2004 йилда бўлиб ўтди – Италия прокуратураси Siemens’ни порахўрликда айблади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фикрича, компания ходимларига Enel’га қарашли  Enelpower раҳбариятига 6 миллион евро миқдорида пора беришга рухсат берган. Бу газ турбиналари бўйича шартномани қўлга киритиш учун керак бўлган. Натижада Siemens’га бир йил давомида Италия давлат компаниялари билан ҳамкорлик қилиш тақиқланган ва 38 миллион евро миқдоридаги жаримага тортилган. Айб қўйилган менежерлар 2007 йилда жаримага тортилган ва Германияда шартли жазога ҳукм қилинган.

Можаролар шу билан тугамади, аксинча кўпайди. 2005 йилда Пирер раис этиб тайинланиб, компания бош директори лавозимини тарк этди. Янги бош директор Клаус Кляйнфельд бўлди.

Бунга қадар у Siemens Managment Consulting Group консалтинг компаниясини бошқарган. Бундан ташқари, у компания бўлимлари даромадини ошириш ва уни инқироздан олиб чиқишни яхши биладиган ишбилармон сифатида ном қозонди. 2005 йилда у компаниянинг мобил бўлимини BenQ’га сотади. Шартнома суммаси 350 миллион долларни ташкил қилди.

Кляйнфельд яхши раҳбар бўлишига қарамай, тез орада ўз лавозимини тарк этди. 2006 йилда компаниянинг штаб-квартирасида, шу жумладан Кляйнфельднинг хонасида ҳам тинтув ўтказилди. Компания раҳбарига таҳдид солувчи ҳеч қандай ҳужжат топилмади, бироқ у шартнома муддати тугаши билан (2007 йил 1 октябрь) бу лавозимни тарк этишини маълум қилди.

Siemens топ-менежерлари бу пайтга келиб ўз лавозимларини тарк эта бошлашди. Компания молиявий директори ва телекоммуникация бўлими раҳбарига эса айбловлар қўйилиб, ҳибсга олинди.

Бундан ташқари, 2006 йилда компания 420 миллион евро миқдорида пора олганини тан олади. 2007 йилда ўтказилган ички тергов тахминан 1,6 миллиард евро миқдоридаги суммада шубҳали транзакциялар амалга оширилганини кўрсатган. Siemens шунингдек 11 нафар топ-менежерни ҳам судга берган, уларнинг орасида Пирер ва Кляйнсфельд ҳам бор.

Компания раҳбариятига Петер Лешер келди. У можаролар ва бюрократия остида қолган улкан концернга бошчилик қила бошлади.

Лешер бутун тузилмани ўрганиб чиққан. Унинг илк қарорларидан бири “бир раҳбар – бир бизнес” қоидасидан келиб чиқиб, кенгашни қисқартириш бўлган. Шундай қилиб, кенгашда 8 киши қолган. Бунинг учун Лешер Egor Zehnder агентлигини ёллаган. Текширувдан ўтишни истамаганларга истеъфога чиқиш имкони берилган. У бўлимлар раҳбарлигига етук мутахассисларни танлашга муваффақ бўлган.

Лешернинг бошқарув сиёсати ҳақида гап кетар экан, тенг имкониятлар сиёсатини ёдга олмай илож йўқ. У келгунига қадар компаниянинг бошқарув таркибида бирорта аёл бўлмаган, у бу вазиятни тўғирлади ва кенгашга икки аёл кишини киритди. Кейинчалик ҳатто яхши натижа кўрсатганликлари учун уларнинг мавқеини кўтарди.

Компаниядаги бир қатор ўзгаришларга қарамай, Siemens’да кутилган барқарорлик ва ўсиш кузатилмаган. 2009 йилда компания учун асосий ҳисобланган бозорларда талаб камая бошлаган. Лешер эса, кўпчиликнинг фикрича, бозор эҳтиёжларини нотоғри баҳолаган. Бундан ташқари, компаниянинг харажатлари кўпайиб кетган.

2013 йилда компания раҳбари лавозимида Лешернинг ўрнини Жо Кэзер эгаллаган. Лешернинг истеъфоси қониқарсиз молиявий кўрсаткичлар билан боғланади. Беш йил ичида акциялар курси 11 фоизга тушиб кетган.

Жо Кэзер бунга қадар компаниянинг молиявий директори сифатида фаолият юритган. Бош директор лавозимида ишга киришган Жо фаол ҳаракат қила бошлади.

Гап шундаки, 2014 йилда Siemens’нинг асосий рақибларидан бири бўлган General Electric Франциянинг Alstom концернининг энергетик бизнесини қўлга киритмоқчи бўлади. Кэзер эса буни ҳеч истамасди, шунинг учун у бу йўналишни қўлга киритишга киришади. GE у учун 12,4 миллиард евро таклиф қилади. Siemens 11 миллиард евро ва поезд ишлаб чиқариш йўналишидан бошлайди. Alstom’га таклиф маъқул келмайди.

Шунда Siemens Mitsubishi билан ҳамкорлик қилишга қарор қилади. Улар биргаликда 9 миллиард евро таклиф қилишади. Икки гигант ҳам ўз манфаатини кўзлайди. Бироқ бу жангда GE ғолиб бўлади.

Шу йилнинг ўзида компания Rolls-Royce’дан 785 миллион фунтга газ турбиналари ва компрессорлари соҳасидаги бизнесини сотиб олади. Кейинги қадам 7,6 миллиард долларга Dresser-Rand хариди бўлди. У нефть-газ соҳаси учун турбина ва компрессор ишлаб чиқаради.

 

Кэзернинг компанияни 2020 йилгача ривожлантириш стартегияси жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотади. Янги раҳбарнинг асосий йўналишларидан бири - бюрократия билан курашиш. Кэзердан олдинги раҳбарлар ҳам бунга ҳаракат қилишган, бироқ натижалар шубҳали бўлган. Компания раҳбари унинг бўлимлари сонини 16тадан 9тага қисқартиради. Қолган тўққиз бўлим икки йўналишда иш олиб боради – саноат учун рақамли ускуналар ва энергетик муҳандислик.

 

Компания соҳаларда автоматлаштирув, электрификация ва рақамли технологияларнинг ўсишига диққатини қаратади. Юқорида номлари қайд этилган компаниялар айнан шу мақсадда харид қилинган. Тузилмавий қайта қуришлар деярли 12 минг ишчи ўриннинг қисқаришига олиб келган. 

 

Тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи бўлим катта эркинликка эга бўлиб, деярли мустақил фаолият юрита бошлайди.

 

Кэзернинг ютуқлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. 2015-2016 молиявий йил якунларига кўра, ишлар яхши кетмоқда, бу даврни ҳаттоки компания тарихидаги энг яхши даврлардан бири дейиш мумкин. Нима бўлишидан қатъи назар, Siemens бизнес тарихида энг йирик концернлар қаторида қайд этилади.