Сомали пойтахти Могадишодаги бозорда содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 35 кишигача етди, 40 га яқин киши жароҳат олган. Бу ҳақда DPA ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Гувоҳнинг айтишича, теракт қурбонлари орасида камида 10 аёл, бир қанча болалар бўлган.

Аввалроқ Reuters ахборот агентлиги портлаш оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши жароҳат олганини маълум қилганди. 

Шаҳар округи раҳбари Вададжир Аҳмад Афракснинг айтишича, портлашга юк машинасига яширилган бомба сабаб бўлган.

Ҳозирча бирорта террорчилик ташкилоти ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Сомалида "Ал-Қоида" террорчилик ташкилоти билан яқин алоқаларга эга бўлган "Аш-Шабоб" радикал гуруҳи ҳаракат қилади. Ушбу гуруҳ Сомали ҳукуматига қарши кураш олиб боради ва БМТнинг гуманитар фаолиятига қаршилик қўрсатиб келади.