Германиянинг Opel автомобилсозлик компанияси акцияларини сотиш бўйича битим муваффақиятли амалга оширилгудек бўлса, General Motors концерни акциялари нархи 35 фоизга қимматлашиши мумкин. Barron's компанияси таҳлилчилари шундай фикрда.  

Уларнинг сўзларига кўра, компания зарар келтириб ишлаётган йўналишлардан воз кечиши ва ривожланаётган бозорлар – Шимолий ва Лотин Америкаси ҳамда Хитойга эътиборини қаратишга имкон топади. Германия брендини сотиш GM концернига 1 млрд доллар нақд кўринишда пул тушумини келтириши баробарада бош оғриққа айланиб улгурган активдан қутулиш орқали йилига яна 1 млрд долларни тежаш имконини беради. 2016 молия йили ҳисоботига кўра, Opel бўлими GM компаниясига 257 млн доллар амалий зарар келтирган. 

Barron's таҳлилчиларининг фикрича, яқин орада автомобиллар савдоси тушиши кутилаётган бўлса-да, келгусида компаниянинг ҳар бир акциядан кўрадиган даромади 3−4 долларга ортади. 

Ўтган ҳафтада Франциянинг Peugeot ва Citroen автомобилларини ишлаб чиқарувчи PSA гуруҳи General Motors концернининг Европадаги бизнеси, хусусан, Vauxhall ва Opel брендларини харид қилишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Ушбу режа амалга ошгудек бўлса, PSA Group Европа автомобиль бозорининг 16 фоизини эгаллайди ва Volkswagen концернидан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. 

Хабарларга кўра, PSA Group Германия ҳукуматига Opel компаниясининг тўртта заводини ҳам сақлаб қолишга ваъда берган. Битим 9 мартда якунланиши мумкин.