Ироқ федерал полиция кучлари Ғарбий Мўсулни жангарилардан тозалаш амалиёти бошланган кунда ИШИДнинг 79 нафар жангарисини йўқ қилди. Бу ҳақда ҳужумнинг жанубий йўналишига раҳбарлик қилган қўмондон Раид Шокир Жавдот маълум қилган.

"Мўсул ғарбига жанубдан юриш давомида 79 жангари ўлдирилди ва мина ўрнатилган 13та транспорт воситаси йўқ қилинди. 30та қўлбола бомба зарарсизлантирилиб, жангариларнинг 3та туннели бузиб ташланди", дея унинг сўзларини келтирган AlSumaria телеканали. 

Бундан ташқари, ҳукумат кучлари Мўсул атрофида жойлашган 10та қишлоқни жангарилардан тўла озод қилган.

19 февраль куни Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Мосул шаҳрининг ғарбий қисмини ИШИД жангариларидан озод қилиш бўйича операция бошланишини маълум қилди.

Шаҳарнинг ғарбий қисми ҳозирча жангарилар назорати остида — ироқлик ҳарбийлар салкам уч ойдан бери уни қамал қилиб турибди.

Ҳужумдан аввал Ироқ ҳарбий-ҳаво кучлари Мўсул ғарбини жангариларидан озод қилиш бўйича операция бошланиши ҳақида аҳолини огоҳлантирувчи миллионлаб варақа ташлаган.

Жангарилар назоратига ўтишидан аввал икки миллиондан ортиқ киши яшаган шаҳарда ҳозирда 750 мингга яқин одам қолган. Шаҳар аҳолисининг аксар қисми кейинги йиллар давомида қочқинга айланган.

Ироқ Мўсулнинг ғарбини озод қилиш учун юриш бошлади