Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Беларусь етакчиси Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда Назарбоев матбуот хизмати маълум қилди. 

Маълум қилинишича, Назарбоев ва Лукашенко мулоқот чоғида "икки томонлама ҳамкорликнинг энг долзарб мавзуларини муҳокама қилишган", Евросиё иқтисодий иттифоқининг жорий фаолияти ва кейинги ривожланиши масалалари бўйича фикрлар алмашишган. 

"Икки давлат етакчилари бўлиб ўтажак учрашувлар жадвалини кўриб чиқишди. Жумладан, Қозоғистон президенти Беларусь президентига ШҲТ саммити ва Остонадаги "ЭКСПО-2017" халқаро кўргазмаси очилишида иштирок этишни таклиф қилди", деб айтилди хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг навбатдаги саммити 7-8 июнда Остонада бўлиб ўтади. "ЭКСПО-2017" кўргазмаси эса 10 июндан 10 сентябргача 3 ой давомида фаолият кўрсатади.