Неймар - муттаҳамми? «Барселона» юлдузини суд кутмоқда

Спорт 20 Февраль 2017 9291

«Барселона» ҳужумчиси Неймар Бразилиядан Каталонияга келиши жараёнидаги қинғирлик бўйича судга чақирилди. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, Неймар, «Барселона», «Сантос» ва футболчининг оиласи бошқарувидаги компаниянинг апелляцияси қондирилмаган. Эндиликда уларнинг барчаси Испания судида бўлади.

Прокурорларнинг ҳисоблашича, Неймар «Сантос»дан трансфер қилиниши вақтида молиявий фирибгарликка қўл урган. Бу иш бўйича тинглов Испания Олий судида бўлиб ўтади. Бу суд иш бўйича бошқа шахслар ҳам айбланади: Неймарнинг отаси, «Барселона»нинг собиқ президенти Сандро Росел, «Барселона» ва «Сантос» вакиллари.

Прокуратуранинг даъво қилишича, юқорида номи келтирилган томонлар Неймарнинг трансфер ҳуқуқининг 40 фоизига эгалик қилган DIS инвестиция компаниясини алдаган. Компаниядагиларнинг билдирилишича, уларга трансфердан тушган пулнинг 40 фоизи берилмаган. 

Неймар «Сантос»дан «Барселона»га 2013 йилнинг ёзида трансфер қилинганди.

Унинг трансфери 57,1 миллион евро этиб кўрсатилганди. Шундан 17,1 миллион «Сантос»га, 40 миллион эса Неймарнинг ота-онаси компаниясига келиб тушган.

«Сантос» Неймарнинг 55 фоизига эгалик қилган. Кейин 2009 йилнинг февралида унинг 40 фоизини DIS Esporte ва 2010 йилнинг ноябрида 5 фоизини Teisa хусусий компанияларига сотиб юборган.

DIS бу келишувдан атиги 7,9 миллион олганидан норози бўлган. Компания «Сантос»нинг Неймар учун ҳаммаси бўлиб 17,1 миллионга эга бўлганига ишонмаган. 

Трансфер амалга ошган вақтда «Барселона» президенти бўлган Сандро Росел кўрсатмаларида ушбу трансфер аслида 57,1 миллион евро эвазига эмас, 90 миллион еврога яқин миқдордаги маблағ эвазига амалга ошганини айтган. Шундан сўнг, иш жиддийлашиб кетди.

Прокуратура Неймарни ва унинг отасини 2 йилга қамашни ва уларга 10 миллион евро миқдорида жарима тўлатишни талаб қилмоқда. Шунингдек, каталонияликлар ва бразилияликлар жамоасига ҳам мос равишда 9 ва 7 миллион евродан жарима қўллаш сўралган.

Неймарнинг онаси порахўрлик жиноятига аралашганликда гумон қилинмоқда

Кўпроқ янгиликлар