АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флиннга у истеъфога кетишидан бир ҳафта аввал Украинадаги вазиятни тартибга солиш орқали Россиядан санкцияларни олиш режасини тақдим қилишган. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда

Россия ва Украина ўртасидаги вазиятни тартибга солиш режаси Флинн кетишига қарамасдан, ҳозирча буткул рад этилмаган. Ҳужжатни Трампнинг шахсий ҳуқуқшуноси Майкл Коэн, бизнес-ҳамкори Феликс Сэтер ва Трамп сайловолди штабини бошқарган Пол Манафорт топширган.

Шу билан бирга режани ишлаб чиқишда асосий ролни украиналик депутат Андрей Артеменко ўз зиммасига олган. Хусусан, ҳужжатда Украина шарқидан "россиялик" ҳарбийларнинг тўлиқ олиб чиқилиши ҳамда украиналиклар орасида "Қримни Россияга 50 йилдан 100 йилгача муддатга ижарага бериш керакми?" деган масала бўйича референдум ўтказиш назарда тутилган. 

Нашрда таъкидланишича, бу режага Оқ уй қандай муносабат билдириши номаълум, бироқ украиналик дипломатлар орасида у норозилик уйғотди. Украинанинг АҚШдаги элчиси Валерий Чалий депутат Артеменконинг АҚШ маъмуриятида Киев манфаатларини билдиришга ваколати йўқлигини таъкидлаб ўтган. 

Майкл Флинн 13 февралда Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан алоқаси борлиги ҳақида ёлғон маълумотлар бергани учун истеъфога кетганди.