Саудия Арабистони ва Кувайт Ер юзидаги энг "заҳарли" мамлакатлар деб тан олинди. Шунингдек қўшни Қозоғистон ва Туркманистон ҳам рейтингнинг биринчи ўнлигидан жой олди. BusinessInsider дунёнинг энг заҳарли мамлакатлар рўйхатини тақдим этди. 

The Eco Experts 135 мамлакатдаги беш омилни инобатга олган ҳолда шунга доир маълумотларни тўплади - аҳоли жон бошига энергия истеъмоли, ёқилиғининг ёнишидан CO2 газларининг ажралиши, ҳавонинг ифлосланиш даражаси, ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ва қайта тикланувчи энергия манбалари. 

Олимлар ҳавонинг ифлосланиш даражасинигина ўрганмай, иқлимнинг ўзгариши билан курашиш бўйича олиб борилган ишларга ҳам диққатни қаратишди. 

Маълумотларга кўра, Саудия Арабистони дунёнинг энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади, бироқ шу билан бирга у қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига эга, ҳолбуки мамлакатдаги об-ҳаво шароити қуёш энергияси учун жуда қулай. The Eco экспертларининг таъкидлашларича, бу мамлакатнинг аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит тозалигига лоқайд муносабатда бўлишидан далолат беради. 

Хитой қайта тикланувчи энергия манбаларига катта миқдорда маблағ ажратади. Бу ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқорилиги боис мамлакатнинг "яшил келажак" сари йўл излаётгани ва заҳарланиш даражаси бўйича рейтингда пастлаётганидан далолат беради. 

Европадаги энг заҳарли давлат сифатида эса Люксембург тан олинган, у қўшни мамлакатларнинг (Германия ва Бельгия) ифлосланишидан катта зарар кўрмоқда. Буюк Британия ушбу рейтингда 81-ўринни, АҚШ эса 66-ўринни эгаллаган. 

Дунёнинг энг заҳарли 10 мамлакати:

1.  Саудия Арабистони
2.  Кувайт
3.  Қатар
4.  Баҳрайн
5.  Бирлашган Араб Амирликлари
6.  Уммон
7.  Туркманистон
8.  Ливия
9.  Қозоғистон
10.  Тринидад ва Тобаго

Ҳисоботга кўра, энг кам заҳарланган мамлакатлар асосан саноати кам ривожланган Кения, Мозамбик ва Эфиопия каби Африка мамлакатлари бўлиб чиққан.