1 апрелдан фармацевтика фаолиятининг тури — дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишни лицензиялаш Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Бу Ўзбекистон президентининг 14 февралдаги «Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўтказилган ўрганиш якунлари дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини оширилган нархларда чакана сотиш фактларини профилактика қилиш ҳамда олдини олиш самарадорлиги пастлиги, ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархининг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этишни таъминлаш бўйича мавжуд имкониятлардан етарлича даражада фойдаланилмасдан келинаётганидан далолат бермоқда.

Бу «дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишни лицензиялашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишни, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмини, лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш устидан назоратни кучайтиришни талаб қилмоқда».

Қарор ижроси устидан назорат бош вазир Абдулла Арипов ва бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев зиммасига юкланди.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар нархнинг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси топширилди.