Швеция ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трампнинг 17 февралда Швеция муҳожирлар сабабли муаммоларга дуч келгани ҳақидаги сўзларига АҚШ раҳбариятидан аниқлик киритишни сўради. Бу ҳақда Швеция ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Катарина Аксельссон маълум қилди, деб хабар бермоқда Aftonbladet нашри.

"Бизнинг Вашингтондаги элчихонамиз АҚШ Давлат департаменти билан Трампнинг Швеция борасидаги сўзлари нимага тегишли экани борасида аниқлик киритиш илтимоси билан мурожаат қилди", деб айтди Аксельссон.

АҚШ президенти Флоридадаги нутқи вақтида Германияда қочқинлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ бераркан, Швецияда "нима юз берганига" эътибор қаратишни сўраган. 

"Бир кўринг, Швецияда кеча нима содир бўлди. Швецияда-я, ким ҳам ўйларди? Ким ҳам бунга ишонарди. Швеция катта миқдорда муҳожирларни қабул қилди ва унда имкони йўқ деб тасаввур қилинган муаммолар пайдо бўлди", деб айтди Трамп.

Нашрнинг айтишича, ОАВ Швецияда 17 февралда юз берган барча воқеаларни эслаб ўтиб, ҳеч қандай шубҳали нарса аниқламаган. Бу борада ягона тахмин, Трамп Швецияда муҳожирлар ҳақида намойиш қилинган кўрсатувни назарда тутган бўлиши мумкин. Бу кўрсатув АҚШнинг Fox News телеканалида кўрсатилган.

Кейинроқ маълум бўлишича, айнан шу тахмин тўғри бўлиб чиққан. Трамп твиттердаги саҳифасида Fox News’нинг кўрсатувини назарда тутганини айтган.