Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Mertler Watany beýgeldýär» (Мардлар шарафлайди ватанни) номли китобини тақдим қилди. Бу китоб ҳарбийларга бағишланган.

Туркманистон телевидениесида хабар қилинишича, президентнинг ушбу китобининг илк нусхалари 17 февраль куни президентнинг қасамёд қабул қилиш маросимидан кейин, маросимга ташриф буюрган ҳарбий соҳа вакилларига топширилган.

Бу президентнинг жорий йил ҳисобидан биринчи китоби саналади. Умуман олганда, Гурбангули Бердимуҳамедов 40га яқин ҳужжатли ва бадиий китоблар нашр қилдирган. Бундан ташқари, президентнинг нутқлари ва ундан келтирилган иқтибослар жамланган рисолалар чиқарилган.

2016 йилнинг ўзида Туркманистон президенти 7та китоб ёзди, жумладан туркман гиламлари, чойнинг фойдаси, туркман тулпорлари ва Шукур бахши ҳақида. У шунингдек, мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган "Туркманистон" номли китобни ҳам нашр эттирган. Президент китоблари адади 6 мингтагача бўлади.

Қайд этиш керакки, китоб ёзиш Туркманистон президенти қизиқишларидан бири ҳисобланади. Президент бўлишидан олдин Бердимуҳамедов стоматолог бўлиб ишлаган, онкология, композитор, шоир, қўшиқчи, диджейликда ўзини синаб кўрган, автопойгаларда ғолиб бўлган, мамлакатнинг биринчи рақамли чавандози ҳисобланади.

Ўтган ойда, президентлик сайлови арафасидаги кампания даврида у сайловчилар билан учрашув вақтида ўзи ёзган қўшиқни куйлаб берганди.