Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси консуллик бўлими Саратов вилоятида рўй берган ЙТҲ оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганини тасдиқламоқда, айни дамда уларнинг шахси аниқланмоқда, деб хабар берди РИА Новости Москвадаги элчихона вакилига асосан.

Аввалроқ Россиянинг Саратов вилоятида иккита енгил автомобилнинг тўқнашиб кетиши оқибатида 6 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди. ЙТҲ маҳаллий вақт билан тонгги соат 6:00 атрофида рўй берган. Маълумотларга кўра, 90-минтақа давлат рақамига эга Kia Rio русумли автомобиль қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва 163-минтақа давлат рақамига эга бўлган Nissan Almera машинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда икки ҳайдовчи ва Kia автомашинасидаги 4 нафар йўловчи ҳаётдан кўз юмган. Вилоят прокуратурасининг аниқлик киритишича, ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг тўрт нафар фуқароси ва бир нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган. Қурбон бўлган олтинчи шахс эса Петровск шаҳрида яшаган. Полиция ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда, уни вилоят прокуратураси назорат остига олган. 

"Бизнинг консуллик бўлимимиз айни дамда ушбу масала устида ишламоқда. Ҳалок бўлганларнинг шахси ФВВ, маҳаллий ўзбеклар ёрдамида аниқланмоқда. Консуллик бўлими ушбу ҳодиса юзасидан барча Россия тузилмалари билан алоқада", - дея айтиб ўтган агентлик суҳбатдоши.

Агентлик Тожикистон элчихонаси ушбу ЙТҲ оқибатида республиканинг бир нафар фуқароси борлигини тасдиқлагани ҳақида ҳам хабар берди. "Ҳа, ҳалок бўлганлар орасида Тожикистоннинг 1984 йилда туғилган фуқароси бор. Айни дамда элчихона ва бизнинг хизматларимиз бу масала билан шуғулланишмоқда, бироқ ҳозирча расмий маълумот олмадик, барча деталларни билмаймиз", - дея таъкидлаб ўтишган элчихонада.