Ўтган ҳафтада айрим хорижий нашрларда Бухоро вилояти ҳудудида, Олот туманида қишнинг совуқ кунларида фуқароларнинг турар жойлари бузиб ташланаётгани ҳақида хабар («Ҳукумат уй бузиш учун ёзни кутмади» сарлавҳаси остида) тарқатилди. Бир кун ўтиб Бухоро вилояти ҳокимияти бундай хабарларга раддия берди.

Раддияда айтилишича, республика ҳукумати ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, туманлар ва шаҳарларни ободонлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарорлари асосида ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудуддаги бузилиш ишлари эса аҳолининг турар жойларида эмас, кўп квартирали уй-жойлар атрофларида фуқаролар томонидан ноқонуний қурилишларда олиб борилган. Уй-жойларни шаҳарсозлик ва ёнғин хавфсизлиги меъёрларига мослаштириш мақсадида ишчи гуруҳлари тузилиб, иш фаолиятини бошлаш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ноқонуний қурилишларни бузишдан олдин фуқароларга уларнинг қўшимча қурилишлари шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мос келмаганлиги учун бузилиши юзасидан огоҳлантириш хатлари берилди.

Шундан сўнг, бухоролик журналист, "Истиқлол" телеканали вакили Обид Шабанов Олот тумани ҳудудига йўл олиб, журналистик текширув ўтказган.

Мухбирнинг аниқлашича, фуқаролар яшаш уйларининг бирортаси бузилмаган. Фақатгина, кўп квартирали уйларга туташ қилиб ноқонуний қурилган қўшимча бинолар бартараф қилинган.

У мутахассислар ва аҳоли вакилларидан интервью олган.

Уйларига қўшимча бинолар қурган ва эндиликда бу қурилишлари бузилган аҳоли вакиллари ҳеч қандай шикоят билдирмаган.

"Бу ерда одамларнинг уйлари бузилаётгани йўқ. Бу ерда ноқонуний қурилган, шаҳар кўркини бузаётган, кўчаларнинг кўркини бузаётган, ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар бузиляпти", дейди улардан бири.

"Маҳалладан огоҳлантириш хати берилди. Ўз ихтиёримиз билан буздик. Ҳеч ким тазйиқ қилмади", деган яна бир фуқаро.

Шунингдек, телеканал бошқа давлатларда бу масаладаги вазиятни ўрганган. Лавҳада айтилишича, Россия ва Покистон каби давлатларда ҳам қонунга зид тартибда қурилишлар қилганларга нисбатан жиддий чоралар жорий этилган (қоидабузарни хорижга чиқишдан маҳрум қилишдан тортиб, уйни аукционда сотиб юборишгача).

Америкалик журналистдан АҚШда мазкур масалада қандай тизим мавжуд экани сўралган.

"Умуман олганда бу каби ҳолат АҚШда рўй бериши мумкин эмас. Қурилиш ишлари бошланишидан олдин иншоот лойиҳаси ва дизайни тасдиқланиши шарт. Шундан сўнггина қурилишга рухсат берилади ва мутасадди ташкилот назоратчилари қурилиш ишлари қонунга мувофиқ тарзда амалга оширилаётганини текширади", деган Майкл Брассерт.