Америкалик машҳур актёр Аль Пачино ва дунёнинг энг машҳур телебошловчиларидан бири Опра Уинфри Саудия Арабистони кўнгилочарликлар бош бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган тадбирлар доирасида қиролликка ташриф буюрадилар. Бу ҳақда бошқарма раҳбари Амр ал-Маданийга иқтибос келтирган ҳолда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда.   

Ал-Маданийнинг айтишича, Аль Пачино Саудия Арабистонида  11-12 май кунлари бўлади. Актёр телешоуда иштирок этиб, саёҳатлари ва касбий фаолиятидаги муваффақиятлар ҳақида сўзлаб беради. Опра Уинфри эса сентябрда Жиддага ва декабрда Ар-Риёдга ташриф буюради. Телебошловчи аёллар учун кўрсатувда иштирок этиб, ОАВдаги иш тажрибаси билан бўлишади.

Бундан ташқари, Саудия Арабистонида 2017 йилда белгиланган кўнгилочар тадбирлар орасида Канаданинг машҳур Cirque du Soleil ва Катта Москва циркларининг томошалари бор.

Маълумот учун, Пачино бир маротаба "Оскар", 5 маротаба "Олтин глобус" мукофотини қўлга киритган, бир қатор киноматографик ва театр мукофотлари соҳиби.

Опра Уинфри эса АҚШнинг энг машҳур инсонларидан бири ҳисобланади: "Форбс" журнали ўтган йил декабрда уни АҚШнинг энг бой машҳурлари орасига киритган. Телебошловчи бу рўйхатда 2,8 млрд долларлик бойлик билан 3-ўринни эгаллаган ва бу борада режиссёрлар Жорж Лукас (4,6 млрд доллар) ва Стивен Спилбергдан (3,7 млрд доллар) кейин келмоқда.