Британиялик мусулмон ўқитувчи АҚШга парвоз қилаётган самолётга қўйилмади

Жаҳон 21 Февраль 2017 5284

Британиялик математика ўқитувчиси Америка визасига эга бўлишига қарамай, АҚШга йўналаётган рейсдан олинди. Guardian газетасининг маълум қилишича, ўқитувчи мусулмон бўлган, бироқ унинг асли қайси мамлакатдан эканлиги ошкор қилинмаган. 

АҚШ президенти Дональд Трамп "АҚШни терроризмдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган. Унга кўра, Ироқ, Эрон, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали фуқароларининг Қўшма Штатларга кириши 90 кунлик муддатга тўхтатилган. Шундай бўлса-да, Британия ҳукумати АҚШ билан бу борада келишувга эришганини таъкидлаган - унда тақиқлов асли келиб чиқиши юқорида номлари қайд этилган  мамлакатлардан бўлса ҳам, Қиролликдан парвоз қилган фуқароларга тегишли бўлмаслиги маълум қилинган эди. 

Воқеа 10 февраль куни Рейкьявик аэропортида содир бўлди. Математика ўқитувчиси Жуэл Миа АҚШга сайёҳлик сафарини амалга ошираётган уэльслик мактаб ўқувчиларига ҳамроҳлиқ қилаётганди. Рейсга рўйхатдан ўтиш вақтида ундан қўшимча текширув учун четга ўтиб туриш сўралди, шундан кейин унга АҚШга парвоз қила олмаслиги айтилди. 

"Бўлаётган ишларга ишонгим келмасди. Мени у ердан олиб чиқиб кетишди, ҳатто бир сўз ҳам айта олмадим, ўзимни худди жиноятчидек ҳис қилдим...", - дейди 25 ёшли ўқитувчи. 

Шундан кейин Миани "жуда ифлос" меҳмонхонага олиб боришган. Унинг сўзларига кўра, мактаб маъмурияти уни Британияга қайтариш чораларини кўришини кутиб, икки кун туз тотмаган. 

Ўқитувчи ишлайдиган мактаб жойлашган Нит-Порт-Толбот округи кенгаши АҚШнинг Буюк Британиядаги элчихонасидан воқеани изоҳлашни талаб қилди. Округ кенгаши бу воқеани "уэльслик мусулмон кишини асоссиз камситиш" дея баҳолади, зеро ўқитувчи Британия фуқаролигига эга бўлган. 

Буюк Британия ТИВ бундан хабар топди. Вазирликнинг расмий вакили айтишича, ТИВ Рейкьявикда самолётга ўтиришга рухсат берилмаган кишига ёрдам кўрсатмоқда. 

АҚШнинг Буюк Британиядаги элчихонаси воқеага ҳеч қандай изоҳ бермаган. 

Кўпроқ янгиликлар