Китоблик якка тартибдаги тадбиркор А.Султоновнинг ошиғи олчи эди. Бироқ у белгиланган қоидаларни четлайдиган, қонунларни менсимайдиган одат чиқарди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Туман ДСИ томонидан тадбиркорнинг фаолияти ўрганиб чиқилганда, унинг қинғир ишлари ошкор бўлди. Текширув жараёнида А.Султонов 2011-2015 йиллар давомида савдодан тушган 121 млн. 120 минг сўм миқдоридаги нақд пулни назорат-касса машинаси орқали кирим қилмаганлиги, 637 млн. 645 минг сўм нақд пулни эса банкка топширмасдан, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, текширув мобайнида тадбиркор банкка топширилмаган пуллар эвазига қора бозордан 264 минг 959 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда сотиб олиб, 520 млн. 705 минг сўмлик цитрус мевалар четдан харид қилгани ҳам аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Султоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ўз билганича иш тутган, қонунларга беписандлик билан қараган тадбиркорнинг қилмишига суд томонидан адолатли баҳо берилди.