Қозоғистон жанубида қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилалари компенсация кўринишида 22 минг доллар олишади, деб маълум қилди Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаков.

17 февралда Қозоғистон жанубидаги дарада жанговар тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтаётган вақтда тўсатдан қор кўчкиси юз берган. Машғулотларда ҳаммаси бўлиб 23 ҳарбий иштирок этган. Улардан 7 нафари ҳалок бўлган, 16 нафари эса қутқариб қолинган. Қозоғистон бош вазири қарори билан фожиани тергов қилиш бўйича ҳукумат комиссия ташкил этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, қор кўчкисига кучли ёғингарчилик ва ҳавонинг кескин илиши сабаб бўлган.  

"Ҳар бир оилага 5 йиллик маош миқдорида бир марталик компенсация тўланади. Бу компенсация ўртача 4 млн дан 7 млн тангагачани (12,6 мингдан 22 минг долларгача) ташкил қилади", деб маълум қилди Жасузаков.