Йўллар у хоҳ катта бўлсин ёки маҳалла ичида жойлашган кичик йўл бўлсин ўзига яраша аҳамиятга эга ҳисобланади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар бир йўлнинг ўз вазифаси бор. Бу, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилади. Шундай экан йўлларнинг кенг ва текис бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Аммо жойлардаги айрим йўллар шу даражада таъмирталаб-ки, биринчидан, унинг йўл сифатида ҳамон мавжудлиги кишини ҳайрон қолдирса, иккинчидан таъмирланмай ётиши, эътибордан четда қолаётгани ажаблантиради. Kun.uz сайтига Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан келиб тушаётган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ана шу йўлларнинг айримларига эътиборимизни қаратамиз.

Сув остида қолаётган тарих

Facebook ижтимоий тармоғида Бухорода жойлашган Ниёзқули мадрасаси (Чор Минор)нинг сув босган сурати пайдо бўлди. У ерларни яхши билмайдиган киши обида тўрт тарафи сув билан ўралган оролда қад кўтарган деб фараз қилиши мумкин. Ёмғирдан сўнг неча йиллик тарихга эга мазкур обиданинг табиий офат остида қолаётгани кишини ташвишлантиради.

Қўшработнинг тутдек тўкувчи йўллари

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани йўллари шу қадар ўйдим-чуқурки, аҳоли вилоят марказига бориб келгунча тутдек тўкилмоқда. Сайтимиз орқали бу ҳақида мақола эълон қилган эдик. Хабарда айтилишича, “Республика йўл жамғармасининг йўлни таъмирлаб бериш ҳақидаги ёқимли ваъдалари ҳам қоғозда қолиб кетган”. Қайд этилишича, Йўл жамғармасига пул тўлаётган одамларнинг сабр косаси тўлган ва мутасаддилардан амалий ишни талаб қилишмоқда.

Намунавий ариғи бўлмаган намунавий кўча

Таҳририятимизга йўлланган видеорликда Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани тасвирга туширилган. Кадрда қатор жойлашган намунавий турар-жой биноларини, кенг кўчани ва шу кўчада кенг бўлиб оқаётган сувни кўриш мумкин. Сув оқими шу даражага етганки, ҳатто ҳовлиларга кириш даражасигача борган. Бунга сабаб кўча четида сув бориб тушиши учун мўлжалланган ариқларнинг йўқлигидир. Бино остида сувнинг доимий тўпланиб туриши унга зарар етказмасмикан? Қолаверса, у ерда яшовчиларнинг ҳаракатига муаммо туғдирмайдими? Шу боис сирдарёлик яна бир ўқувчи: “Гулистонга келсангиз ўзингиз билан қайиқ олиб келинг”, деб аччиқ ҳазиллашади.

Тошкентнинг 2017 йил манзараси

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари томонидан Тошкент шаҳрининг турли чеккаларида туширилган суратлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Суратларда ўзга сайёрани эслатиб юборувчи уйдим-чуқур йўллар тасвирини кўриш мумкин.

Яна ўша ёмғир, яна ўша тошқинлар...

Сўнгги кунларда об-ҳавонинг ноқулай келиши, ёғингарчиликларга бой бўлиши Тошкентнинг баъзи кўчаларини сувга тўлдирди. Мисол тариқасида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларида жойлашган айрим кўчаларни келтириш мумкин.

Маълумотларга кўра, баъзи жойларда сув сатҳи бир неча сантиметрга етган.

Қонунчилик нима дейди?..

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йўл хўжалиги бошқарув тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида" фармони қабул қилинган.  Унга кўра, фаолияти бекор қилинган Автомобиль йўлларини қурилиши ва эксплуатацияси бўйича давлат акционерлик компанияси («Ўзавтойўл» ДАК) базасида Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари давлат қўмитасини яратиш кўзда тутилган.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда йўл бошқарув тизими билан боғлиқ  қатор масалаларни ҳал этиш, жумладан, автомобиль йўлларини техник таъмирлаш, реконструкция қилиш ва ажратилган маблағлардан янада самарали фойдаланиш белгиланган.

Хулоса

Нима ҳам дейиш мумкин? Суратлар ўрнимизга сўзламоқда, гувоҳлик бермоқда. Биз фақат яхши ният қилиб қоламиз. Ҳокимликлар, соҳа мутасаддилари бу муаммога жиддий ёндашишади, бу йўллар ҳали чунонам таъмирланадики, унда болажонлар сакраб-сакраб ўйнаб юришади, кексалар хотиржам қадам ташлашади, хуллас,барча рози бўлади. Ахир айтишадику, яхши ният-ярим мол, деб.

Сарвар Анвар ўғли