Австралиянинг Мельбурн шаҳри яқинида енгил моторли самолётнинг савдо марказига келиб урилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Beechcraft King Air самолётининг двигателида носозлик пайдо бўлган ҳамда у Эссендон аэропортидан парвозга чиққанидан кўп вақт ўтмай яқин атрофда жойлашган савдо маркази томига келиб урилган.

«Самолётда беш киши бўлган, авиаҳалокатда ҳеч ким омон қолмади», - деди Виктория штати полиция комиссарининг давлат ёрдамчиси Стивен Лин.

Линнинг таъкидлашича, ҳалокат дўкон очилишига тахминан бир соат вақт қолганда рўй берган ҳамда самолётда бўлган инсонлардан бошқа ҳеч ким қурбон бўлмаган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт тўқнашув чоғида портлаб кетган.

Аввалроқ Мельбурн шаҳри яқинида 5 ўриндиқли енгил моторли самолёт савдо маркази биносига келиб урилгани ҳақида хабар бергандик.