Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси билан танишиб чиқиб, илм йўлида юрган ёш тадқиқотчилар олдида турган муаммолар ҳақида ёзишга аҳд қилдим. Қайд этилишича Республика олий ўқув юртлари (ОЎЮ)даги илмий даражага эга кадрларнинг контингенти ўртача 33 фоизни ташкил қилади.

Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Хўш, ёшларимиз илм йўлидан боришни исташмаяптими? Ёки илмий даражага эга бўлгандан сўнг, ОЎЮда фаолият юритишни хоҳлашмаяптими? Назаримда, бунинг иккиси ҳам эмас. Бунинг сабаби бизда илмий даража берадиган тизимнинг ўта мураккаблигидадир.

2013 йилдан буёнги тизим ҳақида муносабат билдирмайликда, аввалги фан номзоди илмий даражасини олиш қай даражада бўлганлигини ва хорижий давлатларда бериладиган PhD даражасини олиш билан солиштирганда қай даражада фарқ қилганлигини солиштириб кўрайлик. Зеро, икки босқичли тизимга ўтилар экан, PhD илмий даражасини олиш олдида турган аниқ муаммолар хақида фикр юритишимиз шарт. Ушбу масала хақида ёзишимга ундаган сабаб ҳам янги тизимга кўра, PhD талаблари аввалги фан номзоди даражаси учун қўйилган талаблардан қийинроқ бўлиб кетмасин, деган ҳадикдир. Мақсад шу ҳадикнинг олдини олиш хақида ёшларнинг фикрини ўрганиш заруриятини кенг илм ва тадқиқот аҳлига етказиш.

Бу тизимга ўтишнинг зарурий шартларидан бири ОЎЮларини илмий даражага эга кадрлар билан таъминлашни тезлаштириш эканлигидан келиб чиқиб, илмий текшириш институтларида фаолият юритаётган ҳар бир ёш олим, илмий тадқиқотчилар олдида турган муаммоларни ҳал қилиш масаласида ўзининг шахсий фикрларини билдиришга ҳақли, деб биламан.

Бир неча йиллар давомида “нима учун Ўзбекистонда фан номзоди илмий даражасини олиш бу қадар қийин”, деган масалада биздаги академик, фан доктори ва профессорларнинг фикрини тушунишга ҳаракат қилдим. Хулоса қилганим бир-бирига қоришиб кетадиган иккита узвий сабаб бўлди.

  1. Биздаги тизим бўйича илмий даражага (фан номзоди, яъни 2012 йилгача) эга бўлаётган илмий ходимларнинг илмий савияси хорижий давлатлардаги PhD лардан юқорироқ (назаримда ҳақиқатга анча яқин).

  1. Илмий даражага даъвогар тадқиқотчи фаннинг кенг (айнан кенг) соҳасида муаммони тўлиқ тушуна оладиган олим бўлиши, яъни кимё соҳасида тадқиқот олиб борган мутахассис кимёга ёндош бўлган биология ва физика соҳаларини ҳам тўлиқ тушуна оладиган, пишиб етилган кадр  бўлиши шарт бўлганлиги.

Энди замон талабидан келиб чиқиб фикр юритайлик. Бу бизнинг ютуғимизми ёки камчилигимиз? Бунинг жавоби масалага қайси томондан қарашга боғлиқ, назаримда. Масалага республика ОЎЮда илмий даража контингентининг пастлигидан келиб чиқиб ёндошайлик, чунки ОЎЮ таълим сифатини оширишда биринчи бўлиб ҳал қилинадиган муаммо бу кадрлар масаласидир.  Европа давлатларидаги PhD лардан илмлироқ, кенгроқ фикр юритадиган ва илмий ишининг амалий аҳамияти юқорироқ бўлган биздаги тизим бўйича тайёрланадиган табиий фанлар йўналишида фан номзодларининг кўпчилиги 5-7 йилда ҳимояга чиқишган (кузатганларимдан хулоса). Табиийки, бу муддатда биздаги юқорироқ савияли илмий ходимлар тайёр бўлганларига қадар иқтисодий тақчилликда яшашга мажбур эди ёки ўзини бу муддат давомида оила боқиш мақсадида қўшимча ишга уришга мажбур бўларди ва бу, ўз навбатида, ҳимоянинг яна ҳам кечикишига олиб келарди.

Юқоридаги муаммолардан келиб чиқиб, ёш тадқиқотчиларнинг фикрини, албатта, ўрганиш керак, деб ҳисоблайман. Назаримда, энг тўғри йўл Европа давлатларидаги PhD тизимига  тўлиқлигича ўтишимиз зарур. Турли илмий текшириш марказларида турлича қараш мавжудлигини ҳисобга олсак ҳам бу ўтиш, албатта, аввалги фан номзодига қўйилган талаблардан камроқ бўлиши шарт, деб ҳисоблайман.

Пировардида ушбу ўзгаришлар ОЎЮмиздаги кадрлар етишмовчилигининг олдини олишига ва таълим сифатини оширишга сабаб бўлиши эҳтимолга анча яқин.

“Илмий тадқиқотчилар 3-4 йил кечроқ ҳимоя қилса ҳам ўша ОЎЮга бориб ишлаши мумкинку”, деган ҳақли савол туғилади.

Менинг назаримда бу 3-4 йил кечикиб ҳимоя қилиш кўп нарсани ўзгартиради. Чунки бу даврда ёш илмий ходимнинг фикрлари ўзгаради. Ҳаётга бўлган қизиқиши тубдан ўзгаради (салбий томонга), у ҳам инсон, чарчайди. Инсон омилини хисобдан чиқармайлик. Фикрим сизга ёқмаса бу масалани 2012 йилги бир босқичли тизимга қўққисдан ўтилгандан кейин илмий фаолиятни ташлаб кетган ўнлаб (балки юзлаб) ёшлардан сўранг. Ҳозиргача ишининг ҳимояси ҳақида ўйлайвериб чарчаган, оила ташвишлари ва иқтисодий аҳволини ўнглаш илм-фан-таълимга ўз ҳиссасини қўшишдек Ватан олдидаги буюк ҳиссиётдан анча долзарброқ муаммога айланган, ёши 35-40 га қараб кетаётган “Ёш олимлар”дан сўранг. Биз ОЎЮдаги кадрлар муаммосини ижобий ҳал қилишни чин дилдан хоҳласак илм-фан ва тадқиқот билан шуғулланиш ва Ватанга хизмат қилиш ниятида бўлган ёш олимлар олдидаги муаммоларни ўрганишимиз ва ижобий ҳал қилишимиз зарур.

Келинг, алоҳида муаммолар ҳақида фикрлашайлик. Ҳозирги тизимдан анча осонроқ бўлган, 2012 йилгача бўлган даврдаги фан номзоди илмий даражасига қўйилган, ҳимояларни йиллаб кечикишига сабаб бўлган асосий муаммоларни эслаб кўрайлик ва замон талабидан келиб чиқиб бу қай даражада тўғри ёки нотўғри бўлганлигини ўзимизча таҳлил қилиб кўрайлик.

  1. Талаб бўйича мақолалар сони камида 2та ва 3та тезис эди (ҳозирги талаб бўйича ундан АНЧА кўп).

Мақолалар сонининг кўп бўлишини илмий тадқиқот ишининг илмий-амалий аҳамиятини белгиланишида мезон бўлмаслигини таъминлашга эришишимиз зарур. Арзирли сабаблар бор.

Биринчидан, бу мезон ҳимояни кечиктиради. Чунки охирги олинган натижадан кейин илмий ишнинг охири кўринади ва уни чоп қилинишини кутиш тадқиқотчи томонидан вақт йўқотилишига сабаб бўлади. PhD даражаси берувчи хорижий ОЎЮ ва/ёки илмий тадқиқот муассасаларида расман мақола талабини қидириб топа олмадим (мисол учун қуйидаги сайт бўйича)

Иккинчидан, мақолалар сонига эътиборнинг кучайиши илмий мақолаларимиз ва журналларимизнинг савиясини пасайишига олиб келади ва келяпти, холос. Springer ёки Elsevier журналларида чоп этиладиган мақолаларнинг савияси маҳаллий нашрларимиздаги илмий мақолалардан 4-5 баробар яхшироқ (балки ундан ҳам кўпроқ). Чунки бу журналларда мақола сифатига эътибор берилади. Бизда сонига. Халқаро нуфузли журналларда мақола чоп этувчилар мақолалар сони, деб аталувчи “долзарб муаммо” устида бош қотирмайди. Авваллари фан номзоди диссертацияси ҳимояси учун 2-3 та мақола етарли бўлади, деб ҳисобловчи илмий раҳбарлар камдан-кам эди. Сабаби ҳимояларда илмий мақолалар сони кўп ҳолларда 5 тадан кўп бўларди ва бу ишнинг савияси юқорироқ даражада бўлганлигига гўёки ишора эди. Европа ва Американинг нуфузли илмий журналларида чоп қилинган мақолалар битта PhD ишининг мазмунини акс эттиради (бу мавзуда дебат қилишга зарурат йўқ). Бизда эса битта номзодлик диссертацияси бир неча мақолада акс этарди ва ҳозирда ҳам шундай. Хўш бундан ким манфаатдор - Ўзбекистон фаними ёки таълими? Ўзбекистон кимё журнали, Ўзбекистон Биология журнали, ФА Докладлари журналларини ўртача Phytochemistry ёки J Agr & Food Chem журналлари билан солиштириб кўринг. Маҳаллий журналларимизни Ўзбекистонда илм билан шуғулланаётган илмий ходимларгина ўқиши мумкин (агар ўқиса). Нуфузли хорижий журнал мақолаларини эса бутун дунё олимлари топиб ўқишади, тушунишади, фойдаланишади ва унга ҳавола қилишади. Бунинг асосий сабаби илмий ишларимиз даражасидан ёки асбоб-ускуналаримиз эскироқлигидан, деган сабабни ўзимизга тасалли қилмайликда, қўлимиздан келадиган иш - илмий мақолалар сонини камайтириб сифатини оширайлик (сифатини оширишда ҳали ўрганишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп ва бу алоҳида мавзу). Имкониятимиз борлигидан келиб чиқиб мақолаларни ҳалқаро талаблардагидек ёзишга ўтайлик ва журналларимиз статусини яхшилаш пайида бўлайлик. Бу борада диссертация ҳимояси учун талаб қилинадиган мақолалар сонини камайтирмас эканмиз, соатлаб гапиришдан маъно йўқ. Илмий мақолаларимиз диссертация ҳимояси учун эмас илм-фан ривожи учун бўлишини таъминлайлик.

  1. Диссертация ҳимоясигача бўлган илмий кенгашлар сонини максимал камайтириш ёки расмий жиҳатдан умуман йўқ қилиш масаласи жиддий кўриб чиқилиши керак.

Билишимча кўпчилик хорижий давлатларда диссертациядан аввал расман илмий кенгаш ўтказиш талаби қўйилмайди (илмий лойиҳаларга алоқадор лаборатория семинарлари булар жумласидан эмас). Бу диссертантнинг шахсий иши. Айнан шахсий иши эканлиги илмий ишини тезроқ ҳимоя қилишига ёрдам беради. Лаборатория даражасида илмий иш муҳокамаси ўтказилиши улар учун етарли. Кейинги қарор илмий кенгашдан.

Илмий кенгашларнинг, албатта, фойдали томонлари бор. Етакчи ташкилот илмий кенгашидан ўтиши диссертант этибор қаратиши зарур бўлган жиҳатларни очиб бериши мумкин ва шу кабилар. Лекин диссертант ушбу эътибор берилиши зарур бўлган жиҳатни айнан ўша мутахассиснинг шахсан ўзидан диссертация иши бажариладиган муддатда билиб олиши имконияти борку, агар зарур деб ҳисобланилса. Зарур деб топилмаса, яъни диссертант томонидан олинган натижалар/маълумотлар диссертант ва илмий раҳбари томонидан етарли, деб ҳисобланилса, унда етакчи ташкилот илмий кенгашидан нима наф. Агарда жавобингиз ‘бу семинарларнинг ўтказилиши диссертантнинг фикрини аудиторияга тўлиқ ва ифодали етказиб беришини таъминлайди’ қабилида бўлса, у ҳолда бу ҳолат нима учун фикрини тўлиқ етказиб бера оладиганлар учун ҳам мажбурий бўлиши, бунинг оқибатида нима учун вақт йўқотишлари керак?

Шунинг учун диссертация ҳимоясидан олдин илмий кенгашнинг ўтказилиши мажбурий эмас, балки иҳтиёрий бўлишини таъминлашимиз зарур ва бу ҳимояларни вақтида бажарилишининг таъминланиши томон қўйилган катта қадам бўлади.

  1. PhD ишидан нима кутишимиз керак?

Жудаям оғриқли савол. 1000 та илмий ходимда бу масалада 1000 хил қараш бўлса керак.

Википедиядаги PhD мақоласидан олинган текстга бир назар ташлайлик.

A Ph.D. candidate must submit a project, thesis or dissertation often consisting of a body of original academic research, which is in principle worthy of publication in a peer-reviewed journal. (Wikipedia, PhD).

Яъни: (Илмий даражага эга бўлиш учун) PhD даражасига даъвогар кўп ҳолларда оригинал академик тадқиқотнинг асосий натижаларини ўзида тутган лойиҳа ёки диссертация топшириши шарт, принципиал тарзда ушбу натижалар таҳрир қилинадиган илмий журналларда чоп қилишга арзигулик бўлиши керак.

Ғарб тизимига мувофиқ, PhD даражасига қўйиладиган талабдан келиб чиқиб, даъвогардан фаннинг бирор тор соҳасида амалий аҳамиятга молик ёки фундаментал характердаги илмий натижалардан иборат илмий янгиликка эга бўлган диссертация ҳимояси кутишимиз етарли бўлмасмикин?

Бу борада PhD диссертациясига қўйиладиган талаб ҳар бир мутахассислик учун алоҳида ишлаб чиқилиши адолатлироқ бўларди. Ижтимоий, аниқ, табиий фанларнинг барча йўналишларида тайёрланидиган PhD ишларига битта ёки иккита гап билан талабнинг тўлиқ ифодаланиши унчалик пухта ўйланган иш бўлмаса керак, назаримда.

  1. Олий аттестация комиссияси

ОАК деб аталувчи юқори давлат органининг фаолиятисиз Европа давлатлари PhD илмий даражасини бериши кўпчиликка маълум. Ушбу ташкилот ваколатларини аста-секинлик билан бўлсада илмий кенгашларга бериб борилиши диссертация иши ҳимоясининг тезлашишига катта туртки бўларди. Хориж тажрибасини ўрганишимиз ва ОАК фаолиятидан мустақил равишда илмий кенгашларнинг ўзига илмий даража бериш ваколатини юклашимиз....... Орзуга айб йўқ.

Агар юқорида келтирилган фикрларни тўлиқлигича ёки қисман тўғри деб ҳисобласангиз, PhD талабларини ишлаб чиқилишида фаолроқ бўлишингизни ва ёшлар фикри эътиборга олинадиган юқорироқ ташкилотларга шу каби мавжуд муаммоларни етказишингизни сўраб қолардим. Мақсад PhD ишларининг савияси пастроқ бўлишига эришиш эмас, балки амалда мавжуд реал муаммоларни (жумладан қоғозбокликка оид) PhD талабларини ишлаб чиқувчи қонун ижодкорларига етказиш. Балки шунда ОЎЮ да кадрлар масаласи тезроқ ҳал қилишинишига бироз бўлсада ўз ҳиссамизни қўшган бўлармидик.

Ватанимиз ривожига ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Акмал Асроров